Сув танқислиги Марказий Осиёда иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмоқда – БМТ
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон пойтахтида “Марказий Осиёда сув дипломатияси: муаммолар, ечимлар ва ҳамкорлик” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Тадбирда етакчи халқаро экспертлар, Ўзбекистон Экология вазирлиги вакиллари, депутатлар, БМТ Тараққиёт дастури мутахассислари иштирок этди.
БМТ тадқиқотига кўра, яқин йилларда Сирдарё ва Амударё сувлари 15 фоизгача камайиши мумкин. Шунга кўра, бу Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, сув танқислиги минтақа ялпи ички маҳсулотини (ЯИМ) 11 фоизга камайтириши мумкин.
Мутахассислар муаммонинг ечими сифатида минтақада ҳамкорликни кучайтириш ва сув дипломатиясини ривожлантиришни таклиф қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, барча томонлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда самарали стратегияни қабул қилиш зарур.
Шу билан бирга, БМТ экспертлари асосий эътиборни сув хўжалиги бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Шунга кўра, ташкилот Марказий Осиё давлатларини зарур кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича режаларида қўллаб-қувватлайди.