Вазирлик маълумотига кўра, аллергик касалликлар қаторига бронхиал астма, аллергик ринит, атопик дерматит, озиқ-овқат аллергияси, эшакеми ва дори воситаларига юқори сезувчанлик киради. Сўнгги ўн йилликларда бундай касалликларнинг тарқалиши бутун дунё бўйлаб барқарор ўсиб боряпти.
“Сўнгги 3 йилда ўткир аллергик ҳолатлар билан шифохонага ётқизиш кўрсаткичи 1,5 баробар ошди. Болалар орасида аллергик касалликларнинг кўпайиши, бронхиал астманинг ортиши, дори аллергияси ва анафилакция алоҳида хавотир уйғотмоқда”, — дейилади вазирлик жавобида.
Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги йилларда анафилактик шок, Стивенс–Жонсон ва Лайелл синдроми каби оғир аллергик ҳолатлар ҳам кўпайган. Мутахассислар бундай асоратлар кўпроқ ёш ва меҳнатга лаёқатли одамлар орасида учраши мумкинлигини таъкидлаяптилар.
Вазирлик маълумотига кўра, ривожланган давлатларда аҳолининг тахминан 20 фоизи аллергик ринит билан касалланган. Шунингдек, катталарнинг 10 фоизида ва болаларнинг 8 фоизида озиқ-овқат аллергияси учрайди. Атопик дерматит эса аҳолининг 20 фоизигача умр давомида таъсир қилиши мумкин.