Спорт мактабларининг мураббий ва ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўлана бошланди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ва коллежлари, иқтидорли болалар спорт мактаб-интернатларининг ихтисослаштирилган бўлимлари ўқитувчилари, мураббий-инструкторларга малака тоифаси учун қўшимча тўловлар берила бошланди, деб хабар беради Kazinform.

Жумладан, ўқитувчи-модератор малака тоифаси учун лавозим маошининг 30 фоизи, ўқитувчи-мутахассисга — лавозим маошининг 35 фоизи, ўқитувчи-тадқиқотчига — 40 фоизи ва ўқитувчи-магистр малака тоифаси учун лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида қўшимча тўлов назарда тутилган.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида 66 мингдан ортиқ мутахассис меҳнат қилади. Улар орасида ўқитувчилар, мураббийлар, методистлар ва бошқа ходимлар бор. Уларнинг 42 фоизга яқини ёки 28 мингдан ортиғи қишлоқ жойларда меҳнат қилади.

«Мамлакатимизда оммавий спорт ва жисмоний тарбия ривожи мутахассислар тайёрлаш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш билан бевосита боғлиқ. Ҳар йили 2 минг нафарга яқин мактаб битирувчиси олий ўқув юртларига «Жисмоний тарбия ва спорт» йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинади.

Бугунги кунда университетларнинг таълим дастурлари янгиланиб, «Спорт менежменти», «Спорт психологияси», «Соғлиқни сақлашни менежменти», «Спорт ҳуқуқи», «Спорт тиббиёти», «Спорт журналистикаси» ва бошқа янги фанлар қўшилди», - деди ҚР Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Сарсен Қуранбек.


Сўнгги хабарлар