«Таза қала» лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди: асосий эътибор – моношаҳарларга
ASTANA. Kazinform – Ўтган йили томошабинлар қалбидан жой олган «Таза қала» телелойиҳаси иккинчи мавсуми билан қайта эфирга қайтди. Бу гал суратга олиш гуруҳи асосий эътиборни моношаҳарларга қаратиб, Қозоғистоннинг турли ҳудудларидаги экологик ҳолатни янада чуқур таҳлил қилади. Шунингдек, лойиҳада мамлакатнинг уч мегаполиси – Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарлари ҳам қамраб олинади.
Айтиш жоиз, Президент Телерадиокомплекси ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Таза Қазақстан» умуммиллий ташаббусини амалга ошириш мақсадида «Таза қала» кенг кўламли экологик лойиҳасини ишга тушириб, унинг биринчи мавсумини муваффақиятли якунлади.
Суратга олиш гуруҳи Қозоғистоннинг барча вилоят марказлари ва мегаполисларини айланиб чиқиб, шаҳарларнинг тозалиги ва кўрки ҳақида ҳикоя қилди. Журналистлар ярим йил давомида 30 минг километр йўл босиб, маҳаллий экологик ҳаётга фаол ҳисса қўшаётган 200 га яқин қаҳрамон билан суҳбатлашди.
«Таза қала» – мамлакатда экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган 20 дақиқалик репортаж жанридаги телелойиҳа. Дастурни икки бошловчи олиб боради: улардан бири шаҳарнинг яхши томонларини, иккинчиси эса муаммоли жиҳатларини кўрсатади. Ижодий жамоа шаҳарлардаги экологик муаммоларни, тозалик талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларни очиб беради ва мутасаддилардан чора кўришни талаб қилиб, унинг натижасини намойиш этишни мақсад қилади.
Дастур бошловчилари ҳар бир шаҳарда бир қатор мезонлар асосида таҳлил олиб боради, тозалик учун жавобгар мутахассислар, шаҳар аҳолиси ва фаоллар билан суҳбатлашади. Аҳоли пунктлари ва моношаҳарлардаги кўча тозалиги, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари – коммунал хизматларнинг фаолияти алоҳида ўрганилади. Шунингдек, аҳолининг экологик маданияти ва жавобгарлиги ҳам инобатга олинади.
Бу йил телевидениедаги экологик лойиҳа иккинчи мавсумини бошлади. Янги мавсумда мамлакатнинг вилоят марказларидан кўра, моношаҳарларга устувор аҳамият берилади. Лойиҳа доирасида 3 та мегаполис, 20 та моношаҳар ва 1 та якуний дастур намойиши режалаштирилган.
Хусусан, моношаҳарлар қаторида қуйидагилар бор: Абай, Ақсай, Ақсу, Алтай, Балқаш, Жанаўзен, Житиқара, Лисаковск, Қаражал, Кентау, Қулсары, Курчатов, Риддер, Рудный, Сатпаев, Степногорск, Темиртау, Хромтау, Шахтинск, Экибастуз.
Ҳар бир чиқарилишда мустақил экспертлар видеоматериалларни кўриб чиқади ва ўз фикрларини билдириб, адолатли баҳосини беради. Таҳлил натижалари 5 та мезон бўйича 10 баллик тизимда баҳоланади. Йил охиридаги якуний сонида экспертлар баҳоси асосида шаҳарларнинг умумий натижаси эълон қилинади.
Телелойиҳанинг биринчи кўрсатуви 7 июль куни Астана шаҳридан старт олади. Янги чиқарилишлар ҳар ҳафтада икки марта – душанба ва чоршанба кунлари соат 19:30 да эфирга узатилади.
Таъкидлаш жоизки, «Таза қала» лойиҳаси яқинда «Энг яхши ижтимоий телелойиҳа» номинациясида «Тұмар-2025» миллий телевидение мукофотига сазовор бўлди.