Brain rot - рақамли даврнинг янги синдромими?
TikTok, Instagram Reels ва YouTube Shorts каби платформалар ахборот истеъмоли маданиятини тубдан ўзгартирди. Улар нафақат кўнгилочар контент тақдим этади, балки янги билим олиш, жамоатчилик фикри ва сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатишда ҳам муҳим ўрин тутади. Бироқ мутахассислар бу ўзгаришларнинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратмоқда.
Олимларнинг тушунтиришича, ҳар бир қизиқарли қисқа видео мияда дофамин ажралиб чиқишини кучайтиради. Бу - қувонч ва завқ ҳисси учун жавоб берадиган кимёвий жараёндир. Натижада инсон навбатдаги контентни кўришга интилади, лентани қайта-қайта янгилайди ва чексиз скроллингга берилиб кетади.
Бу ҳодиса шунчалик кенг тарқалганки, 2024 йилда Оксфорд луғати «Brain rot» («миянинг чириши») иборасини йил сўзи деб эътироф этди. Бироқ бу атама миянинг жисмоний жиҳатдан шикастланишини эмас, балки рақамли контентни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш оқибатида фикрлаш қобилиятининг сусайишини англатади.
Тадқиқотлар ҳам бу тенденцияга эътибор қаратмоқда. «Рақамли амнезия»га бағишланган илмий ишлардан бирида қисқа форматдаги видео дарсларни томоша қилган талабалар ахборотнинг тахминан 40 фоизинигина эслаб қолгани аниқланган. Узоқроқ ва чуқурроқ тушунтириладиган видеоларни кўрганлар эса маълумотнинг 65 фоизигача ўзлаштирган. Бу қисқа контент ахборотни тез қабул қилишга ёрдам берса-да, уни узоқ муддатли хотирада сақлаш ҳар доим ҳам самарали эмаслигини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, асосий масала — ахборотни танқидий таҳлил қилмасдан, фикр фильтридан ўтказмасдан истеъмол қилишдир. Бугунги кунда бу ҳодисани ифодалаш учун «клипли тафаккур» тушунчаси кенг қўлланилмоқда.
ҚР Миллий университетининг PhD докторанти, психолог Қазбек Ахметовнинг маълум қилишича, ҳозирги ёшлар ахборотни яхлит воқеа сифатида эмас, балки парчалар орқали қабул қилишга мойил.
“Қисқа видеолар — 30 сониялик рақс, 15 сониялик ҳазил, 10 сониялик рецепт — инсоннинг ахборотни яхлит эмас, бўлак-бўлак қабул қилишига олиб келади. Одамдан «нима кўрдингиз?» деб сўралганда, у аниқ воқеани эмас, балки фақат айрим таассуротларни айтади. Бу ҳодиса баъзан суддаги гувоҳларнинг хотираси билан таққосланади. Уларнинг ёдида «қизил куртка», «баланд товуш», «хира тасвир» каби айрим деталларгина қолади”, — дейди у.
Шу тариқа, дастлаб оммавий маданиятдан келиб чиққан «клипли тафаккур» тушунчаси бугунги кунда психология ва таълим соҳаларида кенг қўлланила бошлади.
Болалар ва гаджетлар: тақиқми ёки тарбиями?
Айрим қарашларга кўра, «клипли тафаккур» вақт ўтиши билан Альцгеймер касаллигига олиб келади, деган фикрлар мавжуд. Бироқ мутахассислар бундай хулосанинг илмий асоси йўқлигини таъкидлайди.
“Олимлар қисқа видеолар нейронларни бузишига оид далилларни топмаган. Альцгеймер — генетика, ёш ва биокимёвий жараёнлар билан боғлиқ мураккаб нейродегенератив касалликдир. Бироқ бу хавотирга ўрин йўқ дегани эмас. Асосий хавф билвосита омилларда. Булар — сурункали стресс ва уйқунинг бузилиши. Ана шундай ҳолатлар миянинг когнитив ресурсларини заифлаштиради. Яъни масала ижтимоий тармоқнинг ўзида эмас, балки шу муҳитда шаклланадиган турмуш тарзида”, — дейди Қазбек Ахметов.
Психологнинг айтишича, қисқа контентнинг энг катта таъсири ижтимоий даражада кузатилади. Ахборотни юзаки қабул қилиш одати, айниқса, болаларга кучли таъсир кўрсатади. Мутахассис келтирган маълумотга кўра, ҳозир болаларнинг тахминан 90 фоизида гаджетга қарамлик белгилари кузатилмоқда.
“Бизнинг миямиз кўп ахборотни қайта ишлашга улгурмайди, ахборот шовқини ичида тўғри йўналиш топиш ҳам қийин. Болалар эса туғилганидан бошлаб шу оқим ичида ўсмоқда. Шунинг учун уч ёшгача бўлган болаларга мультфильмлар ва қисқа видеолар кўрсатиш мумкин эмас. Улар сюжетни эмас, балки тез алмашадиган кадрларни қабул қилади”, — дейди мутахассис.
Болаларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлиги сўнгги йилларда давлат даражасида ҳам муҳокама қилинмоқда. Масалан, Мажлис депутати Сергей Пономарёв Миллий қурултойда 16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов жорий этиш масаласини кўтарди. Унинг фикрича, бу йўналишдаги қарорлар ҳар томонлама чуқур тадқиқотларга асосланиши лозим.
“Халқаро тажрибага назар қаратиш лозим. Айрим давлатларда 14 ёшгача чеклов қўйилса, бошқаларида 16 ёшгача етиб боради. Бу - тақиқ эмас, аксинча, онгли шахсни шакллантиришга қаратилган қадам”, — деди депутат.
Бироқ мутахассислар масалани фақат чекловлар билан ҳал қилиш етарли эмаслигини таъкидлайди.
“Болага тақиқ қўйишдан кўра тушунтириш муҳим. У ўзини қизиқтирган ахборотни ташқи манбалардан эмас, биринчи навбатда ота-онасидан олиши керак”, — дейди Алмати шаҳар руҳий саломатлик маркази директори Сапар Рахманшеев.
Скроллинг даври ва китоб маданияти
ҚР Президенти ҳузуридаги ҚСТИ Сиёсий тадқиқотлар бўлими бош эксперти Айгерим Абдрашитова дунёда китоб ўқишга бўлган қизиқиш пасайиб бораётганини айтади. Бу тенденция айнан рақамли контентни узлуксиз истеъмол қилиш маданияти кучайиши билан боғлиқ.
Мутахассиснинг айтишича, буни халқаро маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, Буюк Британиядаги National Literacy Trust ташкилоти маълумотларига кўра, 8-18 ёшдаги болалар ва ўсмирларнинг фақат 32,7 фоизи бўш вақтида китоб ўқишни ёқтиришини айтган. Ҳар куни китоб ўқийдиганлар улуши эса 18,7 фоизни ташкил этиб, сўнгги 20 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушган. Мамлакатимиздаги вазият ҳам ушбу тенденциядан узоқ эмас.
“Қозоғистон жамоатчилик ривожланиш институти маълумотларига кўра, сўровда иштирок этганларнинг 51,2 фоизи сўнгги бир йил ичида бирорта ҳам китоб ўқимаган. 29 фоизи эса 1-3 та китоб ўқиган. Фақат 19,2 фоизгина йилига 4 ва ундан кўп китоб ўқишини билдирган”, — деди спикер.
Бироқ китоб ўқиш маданиятида трансформация мавжуд. Яъни ўқиш маданияти янги рақамли форматларга мослашиб бормоқда.
Масалан, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар ва рақамли маконда китоблар атрофида янги ўқувчи жамоалари шаклланди. Китоб клублари, ўқувчилар учрашувлари, Telegram каналлари ва блоглар ўқиш маданиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Мутахассиснинг фикрича, бугунги кунда китоблар муҳокама қилинади, қаҳрамонлар таҳлил қилинади, янги муаллифлар таништирилади. Шунингдек, фан-адабиёт ҳам алоҳида маданий ҳодисага айланиб бормоқда.
Бу ўзгаришлар халқаро тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланади. HarperCollins маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқлар ўсмирларнинг китоблар билан танишувига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
“Масалан, 14-17 ёшдаги ўсмирлар орасида BookTok орқали китоб ҳақида билганлар улуши 2024 йилдаги 23 фоиздан 2025 йилда 27 фоизгача ошган. YouTube орқали китоб ҳақида маълумот оладиган ёшлар улуши эса 25 фоиздан 30 фоизга етган. Бугунги кунда ўқиш фақат шахсий одат эмас, балки маълум бир жамоага мансублик шаклига ҳам айланиб бормоқда”, — деди у.
Скроллинг одатидан чиқиш йўлларидан бири сифатида мутахассислар китоб ўқишга қайта эътибор қаратишни таклиф қилади.
“Эрта ёшдан китоб ўқиш одатини шакллантириш муҳим. Рақамли муҳитда ўсган авлод кўп вазифани бир вақтда бажара олади. Улар бир пайтнинг ўзида мусиқа тинглаб, суҳбатлашиб, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, ўқиш ва бошқа ишларини ҳам олиб бориши мумкин. Бу - замонавий кўникмаларнинг бир жиҳати. Фақат вақтни тўғри бошқаришга эътибор бериш керак”, - дейди Айгерим Абдрашитова.
Умуман олганда, китоб ўқиш ҳам, ахборот истеъмоли маданияти ҳам йўқолиб кетмаяпти. Улар фақат рақамли давр таъсирида янги шаклга мослашиб бормоқда. Энг асосий вазифа - чексиз скроллинг ва онгли ахборот истеъмоли ўртасидаги мувозанатни сақлашдан иборат.