Реактор технологияларини етказиб берувчи сифатида Rolls-Royce SMR компанияси танланган. Лойиҳа Vattenfall компанияси ва Industrikraft консорциуми иштирокида амалга оширилади. Шунингдек, Швеция ҳукумати мазкур лойиҳага 30 миллиарддан ортиқ швед крони (тахминан 3 миллиард АҚШ доллари) инвестиция киритишни режалаштирмоқда.
Бундан аввал саралашнинг якуний босқичида икки номзод — GE Vernova Hitachi Nuclear Energy ва Rolls-Royce SMR кўриб чиқилган эди. Баҳолаш натижаларига кўра, британ компаниясининг таклифи танланган. Сабаби, унинг инвестиция ва эксплуатация харажатлари нисбатан пастроқ бўлиб, қурилиш хавфлари ҳам кам деб топилган.
Лойиҳа доирасида ҳар бири 470 МВт қувватга эга бўлган учта реактор қурилиши кўзда тутилган. Уларнинг умумий электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига тахминан 12 ТВт-соатни ташкил этади. Бу Швециядаги ҳозирги электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг тахминан 7,5 фоизига тенг.
Лойиҳа бўйича якуний инвестиция қарори ҳали қабул қилинмаган. Режага кўра, биринчи энергоблок 2030 йиллар ўртасигача ишга туширилмаслиги мумкин. Учала реакторнинг тўлиқ қувватда ишлаши эса 2040 йиллар бошига мўлжалланган.
Швеция ўзининг энергетика стратегияси доирасида атом энергетикасини ривожлантириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни мақсад қилган. Мамлакат 2035 йилга қадар камида 2500 МВт янги ядровий қувватларни фойдаланишга топширишни режалаштирган.