Мазкур ташаббусда мамлакатдаги 30 дан ортиқ шифохона иштирок этмоқда. Лойиҳа саратон ва бошқа оғир касалликлардан даволанаётган болалар, ўсмирлар ҳамда ёшларга мўлжалланган. Асосий мақсад — шифохонадан чиқа олмайдиган беморларнинг ёлғизланиш ҳиссини камайтириш, бошқалар билан мулоқот қилиш имконини яратиш ва даволаниш жараёнида уларнинг кайфиятини кўтариш.
Июль ойида Окаяма университети ҳузуридаги шифохонанинг педиатрия бўлимида 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган 15 нафар бола VR кўзойнакларини тақиб, Осакадаги Тэннодзи ҳайвонот боғига виртуал саёҳат қилди. Болалар метаверс маконида Африка саваннасини айланиб, жирафлар ва зебраларни томоша қилишди.
Иштирокчилар виртуал маконда ўз аватарларини мустақил бошқариб, бир-бирларига чат орқали хабарлар ва реакциялар юбориш имкониятига эга бўлишди. Лойиҳада Япониянинг турли ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларидан қарийб 100 нафар бемор иштирок этди.
Март ойидан буён шифохонада даволанаётган 10 ёшли Такэро Кувахара виртуал саёҳат унга ижобий таъсир кўрсатганини айтди.
«Мен ҳайвонлардан қўрқардим. Бироқ виртуал воқелик орқали уларни ҳеч қандай хавотирсиз томоша қила олдим. Бу менда истироҳат боғи каби турли жойларга бориш истагини уйғотди», — деди у.
Окаяма университети профессори Жо Хасэйнинг айтишича, мазкур ташаббус узоқ вақт даволанаётган болалардаги ёлғизлик ҳиссини камайтиришга ёрдам беради.
«Бу лойиҳа болаларнинг даволанишга ижобий муносабатда бўлишига ёрдам бериб, “шифохонадан чиққанимдан сўнг, албатта, Тэннодзи ҳайвонот боғига бораман” деган фикрни шакллантирса, деган умиддаман», — деди профессор.
Лойиҳа ташкилотчилари келгусида ҳайвонот боғидан ташқари, бошқа виртуал жойларни ҳам қўшишни режалаштирмоқда. Мутахассислар шифохонада даволанаётган беморларга истаган жойларига виртуал тарзда саёҳат қилиш имконини берадиган муҳит яратишни мақсад қилган.