Сербия Президенти «Алтын қыран» ордени билан тақдирланди
ASTANА. Кazinform — Сербия Президенти Александр Вучич Қозоғистоннинг энг олий мукофоти — «Алтын қыран» ("Олтин бургут") ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада юқори мартабали меҳмон билан музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситаларига берган қўшма баёнотида айтиб ўтди.
— Сербия - Қозоғистоннинг Болқон ярим оролидаги муҳим ва ишончли ҳамкори. Дўстлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва умумий манфаатлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг асосидир. Мен 2 йил олдин Белградга қилган ташрифимни меҳр билан эслайман. Ўша пайтда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида миннатдорчилик билан таъкидламоқчиман. Бу йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади. Президент Александр Вучичнинг ташрифи ушбу юбилейга тўғри келди, — деди Давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, бу вақт ичида Қозоғистон ва Сербия ўртасида барча даражаларда ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқот ўрнатилди. Мустаҳкам шартномавий ва ҳуқуқий асос яратилди.
— Ҳукуматларимиз самарали ишламоқда ва парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик кучайди. Маданий ва гуманитар соҳаларда сезиларли ютуқларга эришдик. Халқаро ташкилотлар доирасидаги интеграциямиз чуқурлашди. Сербия Президентининг бунга қўшган ҳиссаси жуда катта. Биз буни юқори баҳолаймиз. Шунинг учун бугун мен Жаноб Президент Александр Вучични Қозоғистон Республикасининг энг олий мукофоти - «Алтын қыран» ордени билан тақдирладим. Ушбу мукофот қозоқ халқининг Сизга ва бутун Сербия халқига бўлган алоҳида ҳурмати ва самимий меҳр-муҳаббатининг белгисидир. Ишонаманки, мустаҳкам дўстлик ва қўллаб-қувватлашга асосланган ҳамкорлигимиз келажакда ҳам мустаҳкамланиб бораверади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Сербия Президенти бундай мукофотни олиш катта шараф эканлигини айтиб, бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини таъкидлади.
— Мен «Алтын Қыран» орденини алоҳида ҳурмат билан қабул қилдим. Ушбу мукофот менга ўзаро муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби умумий ишда катта масъулият юклайди. Сербия ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик келажак авлодлар манфаати йўлида мустаҳкамланиб боришини тилайман, — деди Александр Вучич.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Сербия Президенти Александр Вучични Ақордада кутиб олган эди.