Сентябрь ойи охирига қадар Қозоғистоннинг 124 та поездида Starlink интернети ишлай бошлайди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистондаги 59 та йўловчи поездида сунъий йўлдош интернети ишламоқда. Сентябрь ойи охирига қадар тизимни 124 та поездга ўрнатиш режалаштирилган, деб хабар беради Kazinform агентлиги ҚР Транспорт вазирлиги маълумотларига таяниб.

Фото: Министерство транспорта РК

OneWeb ва Starlink паст орбитали сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш бўйича дастлабки пилот лойиҳалар 2025 йилда Астана – Алмати, Астана – Ўскемен, Астана – Бурабай, Астана – Семей ва Алмати – Манғистау йўналишларида амалга оширилган. 2026 йилда лойиҳа кенг кўламда амалга ошириш босқичига ўтди.

Ҳозирда сунъий йўлдош интернети қатор талаб юқори бўлган йўналишлардаги йўловчилар учун ҳам мавжуд. Жумладан, Нурли жол – Алмати, Нурли жол – Ўскемен, Нурли жол – Орал, Нурли жол – Петропавл, Алмати-2 – Ўскемен, Қизилўрда – Семей, Ақтўбе – Алмати-1, Манғистау – Ақтўбе, Орал – Манғистау, Ақтўбе – Қазали, Ақтўбе – Атирау ва Павлодар – Алмати йўналишларида интернет хизматидан фойдаланиш мумкин.

8 сентябрь ҳолатига кўра, Starlink 31 та йўналишда ҳаракатланаётган 59 та поезд таркибида ишламоқда ва 770 дан ортиқ вагонни қамраб олган.

Сентябрь ойи охирига қадар 50 та йўналишдаги 124 та поезд таркиби, яъни 1 235 та вагонни сунъий йўлдош интернети билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Сунъий йўлдош канали техник имкониятлари интернетга 100 Мбит/с гача тезликда уланишни таъминлайди. Паст орбитали сунъий йўлдош алоқаси темир йўл тармоғининг анъанавий мобил тармоқлар қамрови чекланган узоқ участкаларида ҳам интернетдан фойдаланиш имконини беради.

Йўловчилар учун бепул базавий пакет кўзда тутилган. Қўшимча ҳақ тўламасдан матнли хабарлар алмашиш учун WhatsApp ва Telegramдан фойдаланиш мумкин бўлади. Кўпроқ интернет-трафик ва бошқа интернет хизматларидан фойдаланиш учун қўшимча тариф пакетлари таклиф этилади.