Суд Африка футбол конфедерациясининг (CAF) Марокаш терма жамоасини ғолиб деб топиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги BBCга таяниб хабар беради.
2026 йил январь ойида Сенегал терма жамоаси турнир финалида Марокашни 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Бироқ март ойида CAF апелляция қўмитаси мусобақа қоидалари бузилгани сабабли Сенегал терма жамоасига 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзиб қўйди.
Бунга сенегаллик футболчилар ўз дарвозаларига пенальти белгиланишига норозилик билдириб, майдонни тарк этгани сабаб бўлди. Натижада ўйин 15 дақиқадан ортиқ вақтга тўхтаб қолди.
Футболчилар майдонга қайтганидан сўнг учрашув давом эттирилди. Марокаш футболчиси Браим Диас пенальтини муваффақиятли амалга ошира олмади. Қўшимча вақтда эса Сенегал терма жамоаси ярим ҳимоячиси Пап Гей ғалаба голини киритди.
Сенегал футбол федерацияси CAF қарори устидан Спорт арбитраж судига шикоят қилди. Суд мажлиси 8 октябрда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтди.
Уч нафар ҳакамдан иборат ҳайъат ўйинни давом эттириш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш фақат бош ҳакамнинг ваколатига кириши ҳақида якдил хулосага келди. Унинг ҳаракатларини асоссиз ва ўзбошимчалик билан қабул қилинган қарор деб баҳолаш учун ҳеч қандай далил топилмаган.
Шу тариқа, финал учрашуви натижаси ўзгаришсиз қолдирилди. Сенегал терма жамоаси Африка Миллатлар кубогининг икки карра ғолиби сифатида расман тан олинди.
Сенегал футбол федерацияси суд қарорига ижтимоий тармоқда кубокни ушлаб турган миллий терма жамоа суратини эълон қилиб, «Яна бир бор ва абадийга» деган ёзув қолдириш орқали муносабат билдирди.