Россиянинг Ярославль вилоятида мотам куни эълон қилинди

ASTANA. Kazinform — Россиянинг Ярославль вилоятида пиротехника ишлаб чиқарувчи корхонада содир бўлган ёнғин оқибатида яна бир киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Шунингдек, 15 киши ёнғиндан жабрланган. Вилоятда 30 сентябрь — мотам куни деб эълон қилинди.

Фото: ТАСС

ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, Переславль-Залесский округининг Кубринск қишлоғидаги ёнғин тўлиқ ўчирилган. Ҳозир қутқарувчилар воқеа жойида вайроналарни очиш ишларини давом эттиряпти.

Бундан аввал ёнғин сабабли округда фавқулодда вазият режими жорий этилган эди. Воқеа жойида тезкор штаб ташкил этилди. Унинг ишида Ярославль области маъмурияти, Тергов қўмитаси, полиция ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари иштирок этмоқда.

30 сентябрь Ярославль вилоятида мотам куни деб эълон қилинди. Давлат органлари биноларида давлат байроғи ярим туширилади. Теле- ва радиоканаллар, шунингдек, маданият муассасаларига кўнгилочар дастурлар ва тадбирларни тўхтатиш тавсия этилди.

Вилоят маъмурияти ҳалок бўлганларнинг оилалари ва жабрланганларга молиявий, тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

“Вазиятни шахсан назоратимда ушлаб турибман. Фожиали воқеанинг сабабларини албатта аниқлаймиз ва айбдорларни жавобгарликка тортамиз”, — деди Ярославль вилояти губернатори Михаил Евраев.

Россия Тергов қўмитаси саноат хавфсизлиги талабларини бузиш факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Терговчилар ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва воқеа тафсилотларини аниқлаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ярославль вилоятида пиротехника ишлаб чиқарувчи корхонада содир бўлган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.