Паттинсон «Бэтмен» ва «Одиссея» каби фильмлардаги роллари орқали машҳурликка эришган.
40 ёшли актёр дунё кинематографиясидаги энг машҳур разведкачи ролини ижро этишга даъвогар бўлган айрим бошқа актёрларга нисбатан ёши каттароқ. Нашрнинг ёзишича, Паттинсоннинг кенг оммага танилгани Amazon-MGM учун муҳим омил бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат фильмнинг келажакдаги прокатдаги муваффақиятига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Роберт Паттинсон Лондонда туғилган. Унинг илк йирик роли 2005 йилда экранларга чиққан «Гарри Поттер ва олов кубоги» (Harry Potter and the Goblet of Fire) фильмидаги Седрик Диггори образи бўлган.
Кейинчалик у Кристофер Ноланнинг «Довод» (Tenet) фантастик фильмида иштирок этди. Шунингдек, 2022 йилда режиссёр Мэтт Ривз суратга олган «Бэтмен» фильмида бош ролни ижро этди.
Бу йил актёр Ноланнинг «Одиссея» фильмидаги асосий юлдузлардан бирига айланди. Мазкур асар сўнгги вақтларда энг кўп эътибор қаратилган кино лойиҳалардан бири ҳисобланади. Фильмда Паттинсон Одиссейнинг асосий рақиби Антиной ролини ижро этган.
“2025 йил февраль ойида кўп йиллар давомида Жеймс Бонд ҳақидаги фильмларни продюсерлик қилиб келган Барбара Брокколи ва Майкл Уилсон франшизани ижодий бошқариш ҳуқуқини Amazon MGM Studios компаниясига топширди. Ушбу студия 2022 йилда технология соҳасининг гиганти Amazon MGM киностудиясини сотиб олганидан кейин ташкил этилган”, — дейилади хабарда.