“Риёд–2025”: Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 17 тага етди
TASHKENT. Kazinform — Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг навбатдаги куни Ўзбекистон делегацияси учун муваффақиятли якунланди, деб хабар беради UzA.
Ўйинларнинг дзюдо баҳсларида Ўзбекистон спортчилари юқори натижаларга эришдилар. Музаффарбек Тўрабоев (+100 кг) ва Шаҳзодхўжа Шарипов (-90 кг) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалларга сазовор бўлдилар. Шунингдек, Хуршида Раззоқбердиева ҳамда Ирисхон Қурбонбоева ўз вазн тоифаларида кумуш, Алишер Юсупов эса бронза медали билан тақдирланди.
Оғир атлетика баҳсларида ҳам ўзбекистонлик спортчилар юксак натижалар қайд этдилар. Адҳамжон Эргашев (-65 кг) даст кўтариш машқида 134 кг натижа билан бронза, силтаб кўтаришда 170 кг натижа билан олтин, икки кураш умумий ҳисобида 304 кг билан кумуш медални қўлга киритди. Диёрбек Рўзметов (-71 кг) даст кўтариш машқини 148 кг билан иккинчи ўринда якунлаб, кумуш медал соҳибига айланди. Нигора Абдуллаева (-58 кг) эса силтаб кўтариш ва икки кураш баҳсларида иккитадан кумуш медал қўлга киритди.
Бокс бўйича ярим финал баҳсларида ҳам Ўзбекистон вакиллари муносиб иштирок этдилар. Мадияр Данияров, Абдуллоҳ Мадаминов, Одинахон Исмоилова ҳамда Хуморабону Мамажонова ўз вазн тоифаларида финалга йўл олишди. Финалга чиқиш имконини бой берган Узукжамол Юнусова ва Зилолахон Юсуфова эса бронза медаллари билан тақдирландилар.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг умумий ҳисобдаги медаллар сони 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронзага етди.
Футзал мусобақаларида ҳам финал иштирокчилари аниқланди. 11 ноябрь куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари бронза медали учун баҳс олиб боришади. Марокаш ва Эрон термалари эса олтин медали учун курашади.
10 ноябрь куни ҳам Ўзбекистон спортчилари бокс, дзюдо, сузиш ва оғир атлетика бўйича баҳсларда иштирок этишади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ VI Ислом бирдамлик ўйинларида Давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.