“Ушбу қутлуғ кунда биз Шимолий Қозоғистон вилоятининг Шал ақин туманидан келган механизатор Сергей Николаевич Пустильниковга муносиб ҳурмат кўрсатамиз. У қишлоқ хўжалиги соҳасида ўттиз йилдан буён самарали меҳнат қилиб, тўплаган тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Ҳалол меҳнати ва улкан ютуқлари учун Сергей Николаевич Пустильников III даражали «Еңбек Даңқы» ордени билан тақдирланади.
Биз миллат саломатлигини мустаҳкамлаш ва интеллектуал авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ўқитувчилар ва шифокорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг меҳнатига юксак ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим вазифадир. Бугун катта ҳамшира Анар Рахманбекқизи Абдиқулова ва фидойи устоз Салима Ибраийимқизи Жумамуратовага «Шапағат» медали топширилади.
Жамиятдаги тотувлик — суверенитетимизнинг мустаҳкам кафолатидир. Бугун ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фуқароларга «Ел бірлігі» ордени топширилади.
Шунингдек, бугун давлатимизни равнақ топтиришга фаол ҳисса қўшган, ҳалол меҳнати билан бошқаларга намуна бўлган икки мингдан ортиқ фуқаро мукофотланади. Уларнинг қарийб 270 нафари таълим-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимлари, 473 нафари ишчи касблари вакиллари, 129 нафари меҳнат фахрийлари, шунингдек, 200 нафардан ортиғи кичик ва ўрта бизнес вакилларидир. Барчангизни табриклайман!” — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз обрўсини юксалтираётган меҳнат аҳлига ҳурмат кўрсатиш давлат сиёсатимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
“Республика куни арафасида сизларга ва барча ватандошларимизга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори абадий бўлсин! Муқаддас Ватанимиз — Қозоғистон янада тараққий этиб, равнақ топаверсин!”, - дея сўзини якунлади Президент.