Референдум: МДҲдан 100 га яқин кузатувчи келади

Фото: Фото: Виктор Федюнин/ Kazinform

ASTANА. Каzinform – 15 март куни бўлиб ўтадиган референдумни МДҲдан 100 га яқин кузатувчи кузатади. Бу ҳақда МДҲ Кузатувчилар миссияси штаби раҳбари Евгений Козяк маълум қилди.

— Биз Марказий референдум комиссияси раиси Нурлан Абдиров билан учрашувимизни якунладик ва халқаро кузатувчилар сифатида аккредитация олдик. Энди шуни эълон қилишим мумкинки, бугундан бошлаб бизнинг миссиямиз Қозоғистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича республика референдумининг ўтказилишини расман кузатишни бошлади. Бу ерга биринчи марта келаётганимиз йўқ. Бу бизнинг Қозоғистон Республикасига 19-ташрифимиз. Умуман олганда, бу бизнинг 2001 йилдан бери 133-миссиямиз бўлади, ўшанда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг қарори билан биз МДҲда сайлов кампанияларини биринчи марта кузатишни бошлаган эдик. Биз миссиямиз доирасида юзга яқин халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтишини кутмоқдамиз, — деди у.

Унинг сўзларига кўра, миссияни шакллантириш бўйича ишлар бошланган. Миссия мамлакатда узоқ муддатли кузатувчи сифатида бўлади ва унинг бош қароргоҳи Астанада жойлашган бўлади. Қисқа муддатли кузатувчилар референдум кунига яқинроқ етиб келишади.

— Миссияга МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко раҳбарлик қилади. У референдум кунига яқинроқ етиб келади. Унинг номзоди бугун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Конституциявий ва бошқа органларидаги доимий вакиллар кенгашида тасдиқланди, — деди Евгений Козяк.

Эслатиб ўтамиз, Президент Марказий референдум комиссияси раиси Нурлан Абдировни қабул қилди.