Расман: WBA Шаҳрам Ғиёсов - Жарон Эннис жангига буйруқ берди
TASHKENT. Kazinform - Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) чемпион Жарон Эннисга ўз камарини Шаҳрам Ғиёсовдан ҳимоя қилиши кераклиги борасида буйруқ берди, деб ёзади Kazinform агентлиги Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига таяниб.
WBA қоидаларига кўра, Эннис 12 апрель куни Станионисни мағлуб этганидан сўнг 120 кун ичида камарини Шаҳрам Ғиёсовдан ҳимоя қилиши керак. Ўзбекистонлик боксчи бу ҳолатда иккита камар учун жанг ўтказади.
Маълумот учун, Жарон Эннис айни пайтда WBA ва IBF камарлари соҳиби ҳисобланади. У сўнгги жангида литвалик Эймантас Станионисни муддатидан аввал мағлубиятга учратган эди. Шаҳрам Ғиёсов эса 13 апрель тонгида АҚШнинг Нью-Жерси штати, Атлантик Сити шаҳрида ўтган профессионал бокс оқшомида аргентиналик Франко Максимилиано Окампони тўртинчи раундда техник нокаутга учратганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ WBA янги рейтингида Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев тенгсиз экани ҳақида хабар берган эдик.