Президент Жаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чоуни қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WТ) президенти Чунгвон Чоуни қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Чунгвон Чоунинг ташрифи Қозоғистон спорт жамоатчилиги учун муҳим воқеа эканлигини ва Жаҳон таэквондо федерацияси мамлакатимизда ушбу спорт турини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини тасдиқлашини таъкидлади.

Давлат раҳбари таэквондо нафақат олимпия спорт тури, балки бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларни бирлаштирган аҳиллик, интизом ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган фалсафа эканлигини алоҳида таъкидлади.

Фото: Акорда

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, пойтахтимизда G1 тоифаси бўйича “Kazakhstan Open 2025” халқаро рейтинг турнирининг ўтказилиши мамлакатимиз спортчиларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш, Миллий федерация рақобатбардошлигини ошириш учун кенг имкониятлар очади.

Давлат раҳбари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Қозоғистонда таэквондонинг оммавийлиги ортиб, халқлар ўртасидаги ришталар мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Чунгвон Чоу Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги ва Қозоғистонда таэквондо ривожини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Бутунжаҳон федерацияси раҳбари эртага бўлиб ўтадиган турнир ташкил этилгани ва мамлакатимизда ушбу спорт турига бўлган қизиқиш даражасини юқори баҳолади. Шунингдек, у қозоғистонлик спортчиларнинг халқаро майдондаги муваффақиятларини қайд этди.

Учрашув якунида Қозоғистон Президенти Чунгвон Чоуни жаҳонда таэквондони ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун II даражали “Достық” ордени билан тақдирлади.

Фото: Акорда

Ўз навбатида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти алоҳида ҳурмат белгиси сифатида Давлат раҳбарига тўққизинчи дан қора камарини топширди.

Фото: Акорда

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Арманистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эдик.