Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Одрэ Азуленинг ЮНЕСКО Бош директори лавозимидаги фаолиятини юқори баҳолади.
“Сизнинг доно ва кучли раҳбарлигингиз остида ЮНЕСКО мулоқот ва ҳамкорлик платформаси сифатидаги ролини тобора кучайтириб бормоқда. Дунёда чалкашликлар ва можаролар авж олган бир пайтда, Сиз таълим ва маданият тинчликни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси эканлигини доимий равишда исботлаб келмоқдасиз. Мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросига эътибор қаратиш орқали ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга ва уни янги босқичга кўтаришга ёрдам бердингиз”, — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Одрэ Азуле Қозоғистоннинг ноёб маданий қадриятлари, тарихий ёдгорликлари ва интеллектуал меросини сақлаш ва уларнинг халқаро миқёсда тан олинишини рағбатлантиришга алоҳида ҳисса қўшганини таъкидлади.
“ЮНЕСКОнинг ташаббуслари ва дастурлари орқали жаҳон ҳамжамияти Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасидан тортиб, Буюк Дашт маданий маконига қадар Қозоғистоннинг ноёб мероси билан танишди. Шунинг учун сизга Qoja Ahmet Yasaui орденини топшириш мен учун катта шарафдир. Сиз Қозоғистон учун, айниқса, халқимиз учун алоҳида ўрин тутадиган Яссавий мақбараси борасида катта иш қилдингиз”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори юксак мукофотни топширгани учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди
“Жаноб Президент, менга кўрсатган алоҳида ҳурматингиз учун миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Қозоғистонга биринчи ташрифим Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси билан чамбарчас боғлиқ. Мен бу жойнинг нафақат тарихий, балки маънавий қадриятини ҳам чуқур ҳис этдим. Шу сабабли буюк мутафаккир номи билан аталган орден билан мукофотланганимдан мамнунман”, — деди Одрэ Азуле.