1. "Қозоғистон Республикаси Президенти тўғрисида"ги Конституциявий қонун
➤ Қонун Қозоғистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолиятини, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Вице-президентининг ҳуқуқий мақомини таъминлаш тартибини белгилайди.
➤ Қонуннинг асосий янгиликлари Вице-президент институтини ташкил этишдир. Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, Вице-президент давлат органлари билан ўзаро муносабатларда унинг манфаатларини ифодалайди ва Президент томонидан белгиланган вазифаларни бажаради.
2. "Қозоғистон Республикаси Қурултойи ва унинг депутатларининг мақоми тўғрисида"ги Конституциявий қонун
➤ Конституциявий қонун Қурултойни ташкил этиш ва унинг фаолиятини, қонунчилик жараёнини ва Қурултой ваколатларини амалга оширишнинг бошқа шаклларини, унинг депутатларининг ҳуқуқий мақомини белгилайди.
➤ Қурултой — қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи энг юқори вакиллик органи.
➤ Қурултой партия рўйхатлари бўйича сайланган 145 депутатдан иборат. Қурултой депутатининг ваколат муддати — 5 йил.
➤ Органга давлат тилини равон биладиган депутатлар орасидан кўпчилик овоз билан яширин овоз бериш йўли билан сайланадиган раис раҳбарлик қилади.
➤ Қонун Қурултойнинг кенг ваколатларини белгилайди, жумладан, Вице-президент, Бош вазир, Конституциявий суд судьялари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Олий аудитор палатаси аъзоларини тайинлашга розилик бериш, Қозоғистон Республикаси Президентининг тавсиясига биноан Олий суд судяларини сайлаш ва лавозимидан озод қилиш, Конституциявий суд ва Олий суд судьяларини дахлсизликдан маҳрум қилиш, Президент сайловини тайинлаш, республика бюджетининг ижроси бўйича Ҳукумат ва Олий аудитор палатаси ҳисоботларини тасдиқлаш.
3. "Қозоғистон Халқ Кенгаши тўғрисида"ги Конституциявий қонун
➤ Конституциявий қонун Қозоғистон Халқ Кенгашининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, тузилиши тартиби, таркибини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этишни белгилайди.
➤ Қозоғистон Халқ Кенгаши олий маслаҳат органи ҳисобланади. У умумхалқ мулоқотини ва мамлакатда ички сиёсатни шакллантиришда фуқаролик жамиятининг иштирокини таъминлаш учун ташкил этилган. У қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ва умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилиш ҳуқуқини ўз ичига олган кенг ваколатларга эга.
➤ Қозоғистон Халқ Кенгаши Қозоғистон Республикаси фуқароларидан ташкил топган.
➤ Кенгаш Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган мувозанат тамойили асосида этномаданий ва жамоат бирлашмаларининг, шунингдек, пойтахт, вилоятлар, республика аҳамиятига эга шаҳарларнинг маслиҳатлари ва жамоат кенгашларининг 42 нафар вакилидан иборат.
➤ Халқ Кенгашига раис раҳбарлик қилади. Халқ Кенгашининг ваколат муддати — тўрт йил.
4. "Қозоғистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида"ги Конституциявий қонун
➤ Конституциявий қонун пойтахт фаолияти соҳасидаги жамоатчилик муносабатларини тартибга солади ва унинг фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилайди.
➤ Ҳужжатда маслиҳат, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи ва шаҳар ҳокими бошчилигидаги маҳаллий ижро этувчи органнинг ваколатлари аниқ белгиланган.
➤ Қонун шаҳарнинг ягона меъморий кўриниши ва дизайн кодексига қўйиладиган мажбурий талабларни белгилайди, шунингдек, пойтахт ҳаётини таъминлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қуйи ташкилотларнинг ваколатларини белгилайди.
5. "Маъмурий-ҳудудий тузилма тўғрисида"ги Конституциявий қонун
➤ Конституциявий қонун маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этиш ва тугатиш, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, маъмурий-ҳудудий бирликларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, ном бериш ва номларни ўзгартириш тартибини белгилайди.
➤ Маъмурий-ҳудудий тузилмада жамоатчилик муносабатларини давлат томонидан тартибга солишнинг мақсади самарали давлат бошқаруви учун Қозоғистон Республикасининг оқилона ҳудудий ташкил этилишини таъминлашдир.