Президент: Устозларини улуғлаган юртнинг авлодлари зеҳнли, келажаги порлоқ бўлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев яқинлашиб келаётган Ўқитувчилар куни билан табриклади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбари мамлакатда ўқитувчиларнинг касб байрами ўзгача нишонланаётгани, педагоглар жамоасига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганини таъкидлади.

— “Халқ учун энг фойдали инсон — устоз” деган Миржақип Дулатули. Ўқитувчи ҳар бир фуқаро учун жуда қадрли инсондир. Бошқача айтганда, ўқитувчи ҳар бир болага ҳаёт йўлини кўрсатади. Ўқитувчи таълим ва билим манбаидир. Ҳар қандай жамиятнинг комиллиги, цивилизацияси ўз устозига бўлган муносабати билан ўлчанади. Устозларини улуғлаган юртнинг авлодлари зеҳнли, келажаги порлоқ бўлади. Зеро, ҳар бир устознинг меҳнати — эзгу, юртимиз равнақига қўшган ҳиссаси — беқиёс. Шу боис бугун таълим соҳасида меҳнат қилаётган барча фуқароларга самимий миннатдорчилигимни билдираман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари тараққийпарвар халқ бўлиш учун биринчи навбатда таълим ва илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак, деб ҳисоблайди.

— Ўтган беш йилда мамлакатимизда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар уч баробар кўпайди. 1200 та янги мактаб фойдаланишга топширилди. “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида 150 та таълим муассасаси замонавий талаблар асосида барпо этилди. Бундан ташқари, 67 та шундай мактаб қурилмоқда. Болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилмоқда. Бу ҳақиқатни халқ билиши керак, чунки давлатимиз томонидан ёш авлод тарбиясига, ўқитувчиларнинг шароитига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчиларнинг мавқеини юксалтириш, уларнинг ижтимоий мақомини кўтариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрдик. Биз махсус қонун қабул қилдик. Бугунги кунда ўқитувчиларнинг маоши 2 баробар ошди, — деди Президент.

Фото: Ақорда

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари рақамли ечимлар кўргазмасига ташриф буюрди.