Президент: Марказий Осиё - жадал ривожланаётган салоҳиятга эга минтақадир
ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев иккинчи “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга меҳмондўстлиги ва саммитни юқори савияда ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги самимий дўстлик ва ҳамкорликни, стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Россия Президенти Владимир Путинга миннатдорлик билдирди.
“Марказий Осиё - жадал ривожланаётган салоҳиятга эга минтақадир. Унинг глобал жараёнлардаги ҳозирги ва келажакдаги роли жуда катта. Бу дунё давлатлари томонидан тан олинган. Бугун музокараларга қизиқиш ортиб бораётгани бунинг далилидир. Тарихий, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар омиллар нуқтаи назаридан Қозоғистон учун Россия алоҳида ўрин тутади. Битта фактни айтиб ўтамиз: мамлакатларимизни дунёдаги энг узун чегара ажратиб туради, бу 7591 километр. Жаҳон иқтисодиётидаги мисли кўрилмаган геосиёсий нотинчлик ва беқарорликка қарамай, Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси саналади. Келажакда ҳам шундай бўлиб қолади. Марказий Осиё минтақасидаги вазият сўнгги йилларда сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий интеграция, маданий-маънавий бирлик томон силжиб бораётгани қувонтиради. Бу ижобий тенденция энди ортга қайтмайди ва минтақамизнинг Россия давлатининг истиқболли ва нуфузли ҳамкори сифатидаги салмоғини оширади”, – деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари бундан уч йил аввал Астана шаҳрида бўлиб ўтган
“Марказий Осиё – Россия” саммити кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали бошланиши бўлганини таъкидлади. “Бугунги учрашув Россия билан узоқ муддатли ва кўп томонлама муносабатларга янги суръат беришга қаратилган. Кўп томонлама ҳамкорликнинг энг муваффақиятли ривожланиши учун Марказий Осиё барқарорлигини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Менимча, бу шундай ҳамкорликнинг асосий вазифаси”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Душанбега ташриф билан боргани ҳақида хабар қилинган эдик.
Давлат раҳбари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.