Президент: Қозоғистон илмий тадқиқотларни молиялаштиришни ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизигача оширади

ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев қўшма илмий тадқиқотларни яна бир муҳим йўналиш деб атади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ақорда

– Қозоғистон Horizon Europe дастурига ассоциациялашган аъзо сифатида қўшилиш бўйича музокараларни бошлади. Бизнинг мақсадимиз Европа тадқиқот маконига қўшилишдир. Мамлакатимиз Европа хомашё ҳамкорлигининг тўлақонли аъзоси. Ушбу ташкилотнинг бюджети 300 миллион еврони ташкил этади. TiBeRIUM лойиҳаси бундай ҳамкорликнинг аниқ намунасидир. Бу йил Horizon Europe дастурининг 7,5 миллион евролик молиявий кўмаги билан бошланган ва Фрайберг кончилик академияси томонидан мувофиқлаштирилган лойиҳа Шарқий Қозоғистон техника университети ва Улби металлургия заводини бирлаштирди. Лойиҳа титан ва бериллий учун кам углеродли ишлаб чиқариш занжирини ривожлантиришга қаратилган. Биз бундай ҳамкорлик кўламини кенгайтиришимиз керак. Бу университетлар, фан ва саноатни бирлаштиради ва таъминот занжирини мустаҳкамлайди. Натижада биз хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ва технологияларга ўтамиз, — деди давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, технологиялар трансфери ҳамкорликнинг учинчи йўналиши ҳисобланади. Қозоғистон илмий тадқиқотларга ажратиладиган маблағлар миқдорини ЯИМнинг 1 фоизигача оширади. Бундан ташқари, компанияларни университет тадқиқотларига сармоя киритишга ундаш механизмларини ишга туширди.

Қасим-Жомарт Тоқаев немис тадбиркорларини қўшма муассасаларда муҳандислик лабораториялари ва трансфер марказларини очишга таклиф қилди. Шунингдек, у бундай ташаббусларни биргаликда молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон 2029 йилга бориб 100 минг хорижий талабани қабул қилади.