Президент кенг кўламли қурилиш ҳаракатига «Халқ қурилиши» деб ном беришни таклиф қилди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон халқига Мурожаатномасини эълон қилиш чоғида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда қурилиш ишларини жадаллаштириш ва ижтимоий объектлар барпо этиш режалари ҳақида маълум қилди.

Фото: ЖИ

“Миллий жамғарма маблағларини жамғариш ва улардан фойдаланиш ўртасидаги мувозанат сақланиши шарт. Маблағларни фақат жамият учун энг кўп фойда келтирадиган ишларга сарфлаш керак. Энг муҳими, сарфланган маблағ иқтисодий ва ижтимоий самара бериши лозим. Чунки ажратиладиган давлат маблағларининг асосий мақсади — аҳоли фаровонлигини ошириш”, — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, тегишли лойиҳаларни амалга оширишга моддий-техник имкониятлари яхши ва катта тажрибага эга бўлган маҳаллий кичик ва ўрта бизнес вакилларини жалб этиш мақсадга мувофиқ. Барча қурилиш ишларининг бориши қатъий назоратга олинади.

“Биринчи навбатда, ҳудудларда 70 га яқин соғлиқни сақлаш объекти қурилади. Туғруқхоналар, шифохоналар, тез тиббий ёрдам станциялари, болалар учун реабилитация марказлари ҳамда алоҳида эҳтиёжли болалар талабларига мос спорт заллари барпо этилади. Шунингдек, қарийб 50 та таълим, спорт ва маданият муассасасининг қурилиши бошланади. Бундай ўта зарур ва сифатли объектларни қуришни тез фурсатда бошлаб, яқин орада фойдаланишга топширишимиз керак”, — деди Давлат раҳбари.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига катта миқдорда маблағ ажратилади. Кўплаб аҳоли яшаш пунктларига газ ва тоза ичимлик суви етказиб берилади.

“Ҳукумат йил охирига қадар аниқ лойиҳаларнинг дастлабки рўйхатини ишлаб чиқади. Ушбу рўйхат барча ҳудудларни қамраб олиши керак. Халқимизнинг ортиб бораётган улкан ишончини оқлашимиз зарур. Режамиз мамлакат фаровонлигини оширишга қаратилган, бундан бошқа яширин мақсадимиз йўқ. Шунинг учун ушбу кенг кўламли қурилиш ҳаракатига «Халқ қурилиши» деб ном берсак, бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди, деб ишонаман. «Халқ қурилиши» дастури фуқаролар фаровонлигини оширишга, тадбиркорликнинг равнақ топиши ва ривожланишига, миллий иқтисодиётни жонлантиришга катта ҳисса қўшадиган, мамлакатимиз тарихидаги энг йирик инфратузилма лойиҳаси бўлади. Ушбу ташаббус юз минглаб одамларни иш билан таъминлайди, унинг самарасини бутун халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод кўради, деб қатъий ишонаман”, — деди Президент.

Аввалроқ Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қурултой йиғилишида «Янги тарихий даврдаги Қозоғистоннинг долзарб вазифалари» номли Мурожаатномасини эълон қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.