2026 йил 25 сентябрь – Қозоғистон Республикасида Умуммиллий мотам куни

Президент Хитой бизнесини мамлакатдаги янги лойиҳаларга таклиф қилди

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари Sunwah Group раиси Цай Гуаньшэнни қабул қилди.

Фото: Ақорда

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Халқ Сиёсий Маслаҳат Кенгаши Бутунхитой қўмитаси Доимий қўмитаси аъзоси, Гонконгдаги Хитой Бош савдо палатаси раиси, Sunwah Group корпорацияси раиси Цай Гуаньшэн билан учрашди.

Давлат раҳбари 500 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, жумладан, 300 га яқин хитойлик тадбиркорлар Алматида иштирок этган «Қозоғистон — Хитой» инвестиция форумини ташкил этишга Цай Гуаньшэннинг қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

“Президент форумни икки мамлакат давлат органлари, молия институтлари ва бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатадиган доимий майдонга айлантириш муҳим эканига эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг айтишича, асосий вазифа — эришилган келишувларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш”, — дейилади Ақорда матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Қасим-Жомарт Тоқаев икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Президент Гонконгдаги Хитой Бош савдо палатасига форумнинг асосий институционал ҳамкорларидан бири бўлишни таклиф қилди.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қозоғистон Гонконг билан ҳамкорликни Хитой билан кўп қиррали муносабатларнинг муҳим қисми сифатида кўришини айтди.

Цай Гуаньшэн Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қозоқ-хитой инвестиция форумини ҳар йили ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, ўз томонидан тадбирни ташкил этиш ишларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, у Хитой бизнеси Қозоғистоннинг инвестициявий истиқболига тўлиқ ишонч билдиришини ва янги йўналишларда фаолият юритиш ниятида эканини таъкидлади. Бунда сунъий интеллект, рақамли технологиялар, молиявий инфратузилма, саноат кооперацияси, шунингдек, Alatau City лойиҳасида иштирок этиш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қасим-Жомарт Тоқаев «Қозоғистон — Хитой» инвестиция форуми доирасида видеоконференция режимида Жамбил вилоятида маккажўхорини чуқур қайта ишлаш бўйича саноат парки қурилишини бошлашга рухсат бергани ҳақида хабар берилган эди.