Тантанали тадбирга 21 нафар лауреат, шунингдек, уларнинг устоз ва мураббийлари таклиф этилди. Физика, кимё, биология, математика, информатика, география ва лингвистика фанлари бўйича нуфузли билим мусобақаларида ғолиб бўлганларнинг олти нафари олтин, 11 нафари кумуш, тўрт нафари бронза медаль соҳиби бўлди.
Президент билим мусобақаларида юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшларни ёрқин ғалабалари билан табриклаб, уларга самимий миннатдорлик билдирди.
“Ҳар бирингиз дунёнинг энг ақлли ўқувчилари билан рақобатлашиб, нуфузли билим мусобақаларида ғолиб бўлдингиз. Байроғимизни юксакларга кўтариб, мамлакатимизнинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшмоқдасиз. Биз сизлар билан фахрланамиз. Қозоғистоннинг ёрқин келажаги — зеҳни ўткир, билимли ва иқтидорли ёшлар қўлида. Мен Давлат раҳбари сифатида барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сизлар юрт фахри деган номга муносибсизлар!” — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев қатъиятли меҳнат ва узлуксиз изланишлар орқали қўлга киритилган ҳар бир медалнинг қадри ва аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.
“Соатлаб ўқиш, ойлаб тайёргарлик кўриш, йиллар давомида юксак мақсад сари интилиш учун, аввало, ғайрат ва кучли ирода керак. Буюк Абай ҳам: «Инсоннинг учта фазилати бор: қайноқ ғайрат, нурли ақл, илиқ қалб», деб васият қилган. Сизларнинг ҳар бирингиз яқин келажакда малакали муҳандис, таниқли олим, кучли мутахассис бўласиз. Янги технологияларни яратиб, мамлакатимизнинг тараққиётига ва жаҳон ривожига ҳисса қўшадиган кашфиётлар қиласиз. Бунга мен ишонаман”, — деди Президент.