Президент Бутунжаҳон ислом лигаси Бош котибини қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII съездида иштирок этиш учун Астана шаҳрига ташриф буюрган Бутунжаҳон ислом лигаси Бош котиби Шайх Муҳаммад ибн Абдулкарим Ал-Исани қабул қилди.

Президент мамлакатнинг конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш ташаббусини изчил қўллаб-қувватлаб, тинчлик ва тотувлик ғояларини тарғиб этишга салмоқли ҳисса қўшаётгани учун ташкилот раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатида динлараро ва маданиятлараро тотувликни сақлашга алоҳида аҳамият беради.

Президент 22 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съезди бунинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Шунингдек, у биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Қозоғистон ташаббуси глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари Қозоғистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Бутунжаҳон ислом лигаси Бош котиби Астана шаҳрида ўтказилаётган анъанавий съездни инсоний қадриятларни тарғиб қилувчи ўзаро фикр алмашиш учун ўзига хос майдон сифатида юқори баҳолаб, мамлакатнинг янада юксалиши ва равнақ топишида тилакдош эканлигини билдирди.

Давлат раҳбари Муҳаммад ибн Абдулкарим Ал-Исани жаҳонда конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ва ислом цивилизациясини тарғиб этишга қўшган улкан ҳиссаси учун I даражали “Достық” ордени билан тақдирлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Хавфсизлик Кенгашининг киберхавфсизлик бўйича йиғилишини ўтказган эди.