Президент: Бизнинг тарихимиз, бугунимиз ва келажагимиз - бирдир

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқининг бирлиги байрами билан табриклади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Акорда

Азиз ватандошлар!

Сизларни Қозоғистон халқининг бирлиги куни билан чин қалбимдан табриклайман!

Бу - жамиятимизнинг мустаҳкам қадриятларини намойиш этувчи муқаддас байрамдир. Бирлик кунида халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги, ўзаро ҳурмат ва ифтихор, ватанпарварлик ва фарзандлик меҳр-муҳаббати кенг улуғланади.

Тақдир тақозоси билан бир вақтлар мамлакатимизга кўчиб ўтган турли миллат вакиллари Қозоғистон деб аталувчи муқаддас Шанирақ остида бир оиланинг фарзандлари каби аҳил-иноқ яшайдилар. Бу - барчамиз учун умумий яхшиликдир.

Доно халқимиз «Тотувлик — туганмас бахт» деб бекор айтмаган. Биз - тинчликнинг қадрини биладиган, атроф-муҳитга меҳр-шафқат билан қарайдиган ва ҳар доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлган мамлакатмиз. Бу - бизнинг бирлашган миллатимиз табиатининг ўзига хос хусусияти. Биз бу ноёб анъанани кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак.

Қарашларимиз ҳар хил бўлса-да, истагимиз битта. "Бирлигимиз - хилма-хилликда" формуласи давлат сиёсатининг ва фуқароларимизнинг кундалик ҳаётининг асосига айланди.

Шунинг учун биз бирлик, ҳамжиҳатлик, этнослараро ва конфессиялараро тотувлик тамойилларини янги Конституциянинг муқаддимасида аниқ кўрсатдик.

Бу - Қозоғистон халқи томонидан онгли равишда қилинган танловдир. Чунки фуқароларимиз барча учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайдиган мамлакатда, адолатли, барқарор ва фаровон жамиятда яшашни хоҳлайдилар.

«Қонун ва тартиб» концепцияси мамлакатимиздаги кенг кўламли янгиланиш жараёнининг асоси сифатида ушбу юксак мақсадга эришишимизга кафолат бўлади.

Бизнинг тарихимиз, бугунимиз ва келажагимиз - бирдир. Бунда - Қозоғистон халқининг чексиз кучи ва ватанпарварлик руҳи яққол намоёндир. Мен барчамиз бир мамлакат сифатида бирлашиб, ўсиш ва фаровонлик йўлида улкан марраларни забт этишда давом этишимизга қатъий ишонаман.

Азиз ватандошлар, барчангизга сиҳат-саломатлик, омонлик ва бахт-саодат тилайман!

Эслатиб ўтамиз, 1 май шунчаки тақвимдаги яна бир қизил сана эмас, балки Қозоғистонда яшовчи юзлаб этник гуруҳларнинг бирлигини нишонлайдиган ва улуғлайдиган кундир.