Polpharma Қозоғистонда фармацевтика соҳасини қандай ривожлантирмоқда

ASTANA. Kazinform — Сўнгги йилларда Қозоғистон маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва дори-дармон хавфсизлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Бу йўналишда давлат билан ҳамкорлик қилиб келаётган халқаро инвесторлардан бири — Polpharma гуруҳидир. Компания сўнгги 15 йил ичида Қозоғистондаги фаолиятини ривожлантириш учун 130 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритиб, ишлаб чиқаришни халқаро стандартлар асосида модернизация қилди. Бугунги кунда мамлакатда қўлланилаётган ҳар бешинчи дори воситаси қадоғи айнан шу компания томонидан ишлаб чиқарилади. Шунингдек, корхона нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб боряпти, балки янги технологияларни жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда Қозоғистоннинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга ҳам сармоя киритмоқда.

Фото: Kazinform

Polpharma гуруҳининг Қозоғистон фармацевтика соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси давлат томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҚР Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг XXXVIII ялпи мажлиси доирасида Polpharma гуруҳи Кузатув кенгаши раиси Ежи Старакни II даражали « Достық» ордени билан мукофотлади. Ушбу мукофот унинг Қозоғистон фармацевтика соҳасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва замонавий дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш йўлидаги кўп йиллик хизматларининг юксак эътирофи бўлди.

Пойтахтда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ежи Старак мазкур мукофотни фақат ўзига эмас, балки бутун жамоага берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.

“Мен бу мукофотни дўстлик ва ўзаро ишонч рамзи сифатида қабул қиламан. Бу - нафақат менинг, балки ҳар куни беморлар саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган Polpharma гуруҳи ва Polpharma Santo жамоасининг меҳнатига берилган юксак баҳодир. Қозоғистонга 15 йилдан буён инвестиция киритиб келмоқдамиз. Шунинг учун қозоғистонлик беморлар саломатлиги учун катта масъулиятни ҳис қиламан”, — деди у.

Қозоғистон — узоқ муддатли стратегик шерик

Polpharma Santo бугунги кунда Қозоғистондаги энг йирик дори воситалари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Чимкентдаги корхонада мамлакатда қўлланилаётган ҳар бешинчи дори воситаси қадоғи ишлаб чиқарилади. Компания қарийб 1400 нафар кишини доимий иш ўрни билан таъминлаб келмоқда.

Компания портфели 14 та терапевтик йўналиш бўйича 380 дан ортиқ дори воситасини ўз ичига олади. Сўнгги 15 йил ичида ампулалар ва инфузион эритмалар, антибиотик кукунлари, шунингдек таблетка ва капсула каби дори шаклларини ишлаб чиқариш тўлиқ модернизация қилинди. Инновациялар ва сифат маркази, шунингдек Рақамли муҳандислик таълими маркази ишга туширилди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш GMP ва GDP халқаро стандартларига тўлиқ жавоб беради. 2025 йилда Polpharma Santo Европа Иттифоқининг GMP сертификатини олган Марказий Осиёдаги биринчи компанияга айланди. Бу корхонага Европа Иттифоқи бозорига чиқиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини берди.

Фото: Kazinform

Ежи Старакнинг таъкидлашича, Қозоғистон Polpharma учун шунчаки бозор эмас.

“Биз учун Қозоғистон - оддий бозор эмас, балки узоқ муддатли стратегик шерикдир. Биз ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва фармацевтика соҳасидаги тажрибани такомиллаштиришга мунтазам инвестиция киритиб келмоқдамиз. Шу орқали Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз”, — деди у.

Компания Қозоғистонда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни давом эттирмоқда. 2026-2036 йилларга мўлжалланган, қиймати 60 миллион евро бўлган инвестиция дастури доирасида ишлаб чиқариш қувватлари оширилиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган янги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, онкологик, кардиологик, инфекцион ва сурункали касалликларни даволаш учун, шу билан бирга сил касаллигига қарши бир қатор дори воситаларини Қозоғистонда ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ежи Старакнинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг аҳамияти пандемия даврида янада яққол намоён бўлди.

“Пандемия даврида бутун дунё дори-дармон хавфсизлиги давлат учун нақадар муҳим эканини англаб етди. Чегаралар ёпилганда чет элдан дори воситаларини етказиб бериш қийинлашди. Шунинг учун ҳар бир давлат учун ўз ҳудудида дори ишлаб чиқариш миллий хавфсизликнинг муҳим қисми ҳисобланади. Биз Қозоғистонда ҳаётий аҳамиятга эга бўлган дори воситаларини ишлаб чиқараётганимиздан фахрланамиз”, — деди у.

Сунъий интеллект ишлаб чиқариш самарадорлигини оширмоқда

Матбуот анжуманида Polpharma гуруҳи жорий этаётган рақамли технологияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Polpharma гуруҳи директорлар кенгаши аъзоси ҳамда трансформация ва рақамлаштириш йўналиши раҳбари Фабрицио Франчезионинг айтишича, бугунги кунда сунъий интеллект дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб ишлаб чиқаришни бошқариш ва сифат назоратигача бўлган кўплаб йўналишларда қўлланилмоқда.

“Рақамли трансформация - шунчаки тренд эмас. Бу компаниянинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Сунъий интеллект маҳсулотларни ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштиришга, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришга ва тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Компания ишлаб чиқаришда маълумотларни таҳлил қилиш, жараёнларни моделлаштириш ва сифатни назорат қилиш учун рақамли ечимлардан фойдаланади. Бундай технологиялар нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, балки дори воситалари сифатини яхшилаш ва беморларга зарур дори-дармонларни ўз вақтида етказиб бериш имконини ҳам беради”, — деди у.

Фото: Polpharma тобының мұрағатынан

Фабрицио Франчезионинг сўзларига кўра, Polpharma сунъий интеллектни жорий этиш билан бир қаторда маълумотлар хавфсизлигига ҳам алоҳида аҳамият қаратади ва бу йўналишдаги ҳамкорликни Қозоғистон билан давом эттириш ниятида.

“Қозоғистонда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги дори воситаларини ўзлаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва рақамли технологияларни жорий этиш — буларнинг барчаси Polpharma Santoнинг мамлакатдаги узоқ муддатли режасининг бир қисми ҳисобланади. Биз маълумотлар хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Келгусида ҳам Қозоғистон фармацевтика соҳасига инвестиция киритиш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади”, — деди у.

Компания ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан бирга, соҳа учун зарур кадрлар тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Polpharma Santo Қозоғистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим дастурларини амалга ошириб, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётидан ўтишларига имконият яратмоқда.

Шунингдек, корхона ҳузурида ташкил этилган Рақамли муҳандислик таълими марказида ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, рақамли технологиялар ва муҳандислик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бу эса ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган қозоғистонлик мутахассислар корпусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шу тариқа, Polpharma Santo Қозоғистонда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш билан чекланиб қолмай, янги технологияларни жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш ва маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш бўйича фаолиятини давом эттиришни режалаштирмоқда.