Перуда кучли ёмғирлар 20 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди
ASTANA. Kazinform — Перуда кучли ёмғир ва сел кўчкилари 20 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Табиий офатдан мамлакатнинг барча вилоятлари зарар кўрган, деб хабар беради БЕЛТА.
Минглаб аҳоли ташқи дунё билан алоқадан узилиб, ёруғликсиз қолди. Тош аралаш сел суви ва лой кўчкиси одамларни оқизиб кетди. Эвакуация қилинишга муваффақ бўлганлар ўзлари билан фақат кичик уй ҳайвонлари ва бир нечта буюмларни олиб кетишга эришдилар. Ўнлаб оилалар бошпанасиз қолди. Турар-жой бинолари вайроналар остида кўмилди, йўллар вайрон бўлди.
Қутқарувчилар ва аҳоли ҳозирда вайроналарни, уйларни ва кўчаларни лойдан тозалаяпти. Мамлакатда жами 167 та йўл вайрон бўлди, 20 километрлик автомобиль йўллари эса тошқин сувлари билан бутунлай ювилиб кетди.
Кучли ёмғирлар Чили пойтахти Сантьягода ҳам сув тошқинларига сабаб бўлди. Табиий офат шаҳарнинг бир нечта ҳудудларида транспорт ҳаракатини бутунлай тўхтатди. Сув электр узатиш линияларини ювиб, симларни узиб ташлаганидан сўнг, бутун ҳудуд электрсиз қолди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Индонезияда табиий офатлар натижасида 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.