Озарбайжон ва Грузия чегарада юк машиналари навбатини тартибга солмоқчи

ASTANA. Kazinform — Озарбайжон ва Грузия божхона хизматлари раҳбарияти икки давлат чегарасида юк машиналари тўпланиб қолиши билан боғлиқ вазият юзасидан музокаралар ўтказди, деб хабар беради минтақадаги Kazinform агентлигининг мухбири.

Фото: Haqqin.az

Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, музокаралар давомида томонлар чегарадаги жорий вазиятни, шунингдек, юк машиналарининг тўпланиб қолишини бартараф этиш ва уларнинг чегарадан ўтишини тезлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича юк машиналари навбатини қисқартириш ва давлат чегарасидан ўтиш жараёнини тезлаштириш учун зарур чораларни кўриш бўйича келишувга эришилди.

Озарбайжон оммавий ахборот воситалари Озарбайжон Қуруқлик транспорти агентлигига таяниб хабар беришича, Озарбайжон ва Грузия чегарасидаги «Қизил кўприк» ўтказиш пунктида Озарбайжон томонида 1 030 та юк машинаси навбатда турган.

Шунингдек, Россия билан чегарадаги «Самур» божхона постида 47 та юк машинаси, Эрон билан чегарадаги «Астара» пунктида 37 та юк машинаси навбатда турибди. «Мазимқара» пунктида эса навбат йўқ.

Томонлар юк машиналарининг давлат чегараси орқали тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттирмоқда.