Унинг таъкидлашича, вазн камайтиришга мўлжалланган дориларни қабул қилишдан олдин ортиқча вазннинг сабабини аниқлаш зарур.
Бунинг учун шифокор кўригидан ўтиш, қон таҳлилларини топшириш ва қалқонсимон без фаолиятини текшириш муҳим. Зарур ҳолларда ошқозон ости бези, буйрак усти безлари ҳамда гипофиз фаолияти ҳам баҳоланади.
“Ортиқча вазннинг сабабини аниқлаш учун, аввало, организмдаги эҳтимолий бузилишларни текшириш керак. Таҳлил натижаларига қараб тегишли даволаш усули белгиланади”, – деди эндокринолог шифокор.
Бибиайша Ташанова айрим турдаги дорилар вазнни камайтириш ўрнига, аксинча, унинг ортишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Чунки уларнинг таркибида айрим психотроп препаратлар ва стероид гормонлар бўлади.
“Вазн камайтирувчи дориларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Ҳар бир препаратнинг ўз қарши кўрсатмалари ва ножўя таъсирлари мавжуд. Дори фақат тиббий кўрсатма бўлган тақдирдагина буюрилади”, – деди у.
Шунингдек, шифокор айрим препаратлар жигар ва буйрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини эслатди. Шу боис дори тури, унинг дозаси ва қабул қилиш давомийлиги фақат малакали мутахассис томонидан белгиланиши лозим.
Эндокринолог ортиқча вазндан халос бўлиш учун дори-дармонлар билан бир қаторда тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда дори воситалари ёрдамида вазнни камайтириш мумкин. Бироқ бундай даволаш усули ҳамма учун бирдек бехавф эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатимизда болалар семизлиги қайси ҳудудларда кўпроқ қайд этилиши ҳақида хабар берган эдик.