Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги стандартларни тасдиқлади. Тегишли низом расмий ахборотномада эълон қилинди ва кучга кирди.
Янги қоидаларга кўра, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўшимча оқсил ва азот манбалари сифатида гўшт, сут, тухум ва йогуртдан ташқари бошқа таркибий қисмлардан фойдаланиш тақиқланади. Суджук, пастирма ва кавурма каби анъанавий маҳсулотларга нисбатан ҳам алоҳида чекловлар жорий этилди.
Янги талаблар донерга ҳам тааллуқли. Энди қадоқдаги маҳсулот номи уни ишлаб чиқариш усулини акс эттириши керак. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулот бутун гўшт бўлакларидан тайёрланган донерми, гўшт бўлаклари ва қийма аралашмасидан тайёрланган донерми ёки қиймадан тайёрланган донерми — шуни аниқ кўрсатиши шарт.
Шу тариқа, харидор маҳсулотда айнан қандай гўшт ва у қандай шаклда ишлатилгани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши керак. Қўшимча тўлдирувчи моддаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳсулот массасини соя, крахмал ва шу каби бошқа компонентлар ҳисобига сунъий равишда оширишнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чекловлар киритилди. Шу билан бирга, парранда гўштидан тайёрланадиган тайёр аралашмалар ва парранда гўштидан тайёрланган донердаги ёғ миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.
Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли янги меъёрлар озиқ-овқат маҳсулотларининг ишончлилигини ошириш ва анъанавий гўшт маҳсулотларини таркиби ўзгаришидан ҳимоя қилишга қаратилганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат маҳсулот оғирлигини ошириш мақсадида соя ва крахмал қўшиш амалиётига чек қўйиш, шунингдек, корхоналарда текширувларни давом эттириш ниятида.
Янги қоидалар эълон қилинишидан олдин фаолият юритган корхоналар учун ўтиш даври белгиланди. Улар 2027 йил 31 мартга қадар ишлаб чиқариш жараёнларини янгиланган талабларга мувофиқлаштириши керак.