Форумда Қорақалпоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Татаристон ва Россиядан қозоқ миллий-маданий марказлари вакиллари, олимлар, тарихчилар, ўқитувчилар, тадбиркорлар, маданият ва жамоат арбоблари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Форум давомида хорижда қозоқ тилини сақлаб қолиш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш, авлодлар давомийлигини мустаҳкамлаш ҳамда ватандошлар билан маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўз мамлакатларидаги қозоқ жамоаларининг ҳаёти ва она тилини сақлашга қаратилган тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Форум дастури доирасида хорижлик меҳмонлар Орал шаҳрининг тарихий-маданий объектлари ва Ғарбий Қозоғистон минтақаси тарихи билан танишдилар. Шунингдек, Хан Ордаси тарихий-маданий музей-қўриқхонасига ташриф буюрдилар.
Форум доирасида Қозоғистон халқи тиллари кунига бағишланган «Тил – бирлик байроғи» тил фестивали ҳам бўлиб ўтди. Унда қозоқ тилининг миллий ўзликни сақлаш ва жамиятни бирлаштиришдаги аҳамияти таъкидланди.
Форум якунида хориждаги қозоқ ташкилотлари билан маданий, илмий, таълим ва жамоатчилик соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.