Машҳур физикнинг набираси иқлим ўзгаришига қарши курашда ядро энергиясидан кенгроқ фойдаланиш кераклигини таъкидлади. Оппенгеймер бу даврда атом энергиясига эга давлатлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини урғулади.
Унинг фикрича, агар улар мулоқотни кучайтирмаса, АҚШ, Хитой ва Россия ўртасидаги кескинлик дунёдаги энг катта хавфга айланиши мумкин.
“Биз ота-боболаримиздан, жумладан, бобомдан ҳам ўрганишимиз мумкинлигига ишонаман. Уларнинг маслаҳатларини тинглаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Мен атом энергиясидан яхшилик учун фойдаланишимизга ишонаман”, – дейди Оппенгеймер.
Япониянинг жануби-шарқидаги Хиросимага ташрифи чоғида Оппенгеймернинг набираси Хиросима тинчлик ёдгорлик музейи директори Харада Хироши билан учрашди.
Маълумот учун, америкалик физик, "атом бомбаси ихтирочиси" Роберт Оппенгеймернинг набираси, 49 ёшли Чарлз Оппенгеймер АҚШда яшайди. У атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватловчи “Оппенгеймер лойиҳаси” нодавлат ташкилотининг асосчиси ҳисобланади.