Номзодлар турнири: бугун ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров Андрей Есипенко билан беллашади

TASHKENT. Kazinform — Бугун, 7 апрель куни Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг иккинчи босқич мусобақалари бошланади, деб хабар беради UzA.

Фото: UzA

Дунёнинг энг кучли 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл шахматчилари дона сураётган нуфузли мусобақанинг 8-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Андрей Есипенко билан куч синашади.

Айтиш лозим, ўзбекистонлик шахматчи турнирнинг илк турида оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Есипенкони таслим этганди.

Бугун шунингдек, Вэй И (Хитой) — Маттиас Блюбаум (Германия), Аниш Гири (Нидерландия) — Праггнанандха (Ҳиндистон), Ҳикару Накамура (АҚШ) — Фабиано Каруана(АҚШ) ўйинлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон шахмат федерацияси маълумотига кўра, Номзодлар турнири тарихида ғолибликка эришган шахматчилар турнир давомида ўртача 3–5 та ғалабани қайд этган.

Фото: UzA

Жавоҳир Синдоров эса бу галги Номзодлар турнирида ортда қолган 7 та турнинг 5 тасида муваффақиятга эришгани, олдинда яна 7 та тур мавжудлигини эътиборга олсак, даъвогарлар мусобақасининг рекорди айнан ўзбекистонлик шахматчи томонидан ўрнатилишига яқин.

8-тур ўйинлари остонасида Синдоров 7 имкониятдан 6 очко жамғарган ҳолда якка пешқадамликни давом эттирмоқда. Жавоҳирдан 1,5 очко ортда қолаётган АҚШ вакили Фабиано Каруана 4,5 очкога эга бўлиб турибди.

Мусобақалар 16 апрелга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Номзодлар турнирида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоровнинг муваффақиятли юриши давом этмоқда.