Жамоат саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий институти (RIVM) маълумотига кўра, 22 июндан 5 июлгача давом этган жазирама иссиқ даврида Нидерландияда кутилган кўрсаткичга нисбатан 900 нафар кўпроқ одам вафот этган.
Ўлимнинг аниқ сабаби маълум эмас, бироқ институт иссиқ ҳаво бу ҳолатда муҳим омил бўлганини таъкидлади. Вафот этганларнинг аксарияти 80 ёшдан ошган кишилардир. Кекса ёшдагиларнинг жазирамага чидаши оғир кечади, чунки улар камроқ терлайди ва организмдаги сув миқдори ҳам кам бўлади. Шунингдек, сурункали юрак, қон-томир ва ўпка касалликларига чалинганлар ҳам юқори хавф гуруҳига киради, чунки иссиқ ҳаво касаллик аломатларини кучайтириши мумкин.
Институт қайд этишича, жазирама иссиқ даврида ҳаво сифати ёмонлашиши аҳолининг хавф гуруҳига кирувчи қатламлари саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.
Нидерландиянинг барча ҳудудларида ўлим ҳолатлари одатдагидан юқори бўлган, айниқса мамлакатнинг жануби ва шарқида.
22–28 июнь кунлари оралиғида одатий ўлим кўрсаткичига нисбатан 586 нафар кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилди. Бу дастлабки баҳолашдан 100 нафардан ортиққа юқори.
29 июндан 5 июлгача бўлган даврда яна 325 та ортиқча ўлим ҳолати қайд этилди. RIVM буни жазирама иссиқнинг «оқибати» деб баҳолайди. Бу ҳолатда одамлар ҳарорат пасайганидан кейин ҳам иссиқ таъсирида юзага келган асоратлар сабабли вафот этади.