Мамлакатнинг туғилиш даражаси 2025 йилда 1,42 ни ташкил қилади. Бу — статистика юритила бошланганидан бери энг паст кўрсаткич. Миграцияни ҳисобга олмаганда, аҳолини барқарор даражада ушлаб туриш учун бу кўрсаткич 2,1 атрофида бўлиши керак.
Демограф Ян Латтеннинг сўзларига кўра, ёшларнинг фарзанд кўриш истаги сезиларли даражада ўзгармади. Ўртача ҳисобда улар ҳали ҳам иккита фарзанд кўришни хоҳлашади. Бироқ, уй-жой танқислиги, даромадларнинг беқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий вазият кўпчиликнинг бу режани амалга оширишига тўсқинлик қилмоқда.
Нидерланд статистика бошқармаси (CBS) бош социологи Танья Трааг ижарага олинган турар жойларда яшовчилар ва яшаш нархи юқори бўлган ҳудудлар аҳолиси орасида туғилиш даражаси пастроқ эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, урушлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ноаниқлик ҳам таъсир кўрсатмоқда.
– Мутахассислар узоқ вақт давомида паст туғилиш даражаси меҳнат бозори ва соғлиқни сақлаш тизимига юк олиб келиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Келажакда, пенсионерлар сони кўпайганда, уларни қўллаб-қувватлаш учун меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши камайиши мумкин, — деб ёзган Нидерландия нашри.
Ҳозирда Нидерландия аҳолиси асосан миграция туфайли ўсиб бормоқда. Бироқ, мутахассислар миграцияни муаммонинг узоқ муддатли ечими деб ҳисобламайдилар.
Бу ҳолат бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Жанубий Кореяда туғилиш даражаси тахминан 0,8 га тушди. Мамлакат ҳукумати турли дастурларга, жумладан, фарзандли бўлганларга тўловлар ва уй-жой субсидияларига миллиардлаб маблағ сарфлади. Норвегияда ёш ота-оналарга молиявий ёрдам кўрсатилади ва мослашувчан иш жадвалларини жорий этиш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Францияда туғилиш даражаси 1,56 ни ташкил қилади. Мамлакат ёшларни оила қуришга ундаш чораларини кўрди.
Нидерландия ҳукумати ҳали фарзанд кўришни бевосита рағбатлантириш учун кенг кўламли чораларни жорий этишни режалаштирмаган. Расмийларнинг таъкидлашича, бундай сиёсат кўпинча самарасиз ёки қисқа муддатли таъсирга эга.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, муаммони ҳал қилиш учун ота-оналарнинг оила қуришига тўсқинлик қиладиган ижтимоий ва иқтисодий тўсиқларни камайтирадиган кенг қамровли чоралар зарур.
Эслатиб ўтамиз, Япония аҳолиси бир йил ичида деярли бир миллион кишига камайди.