Непал ва Хитой ҳукуматлари чоршанба куни содир бўлган табиий офатдан сўнг бедарак йўқолганларни қидириш ва ҳалок бўлганларни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.
Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, чегаранинг Хитой томонида 16 киши ҳалок бўлган, яна 546 киши бедарак йўқолган. BBC Хитойда табиий офат ва унинг оқибатлари ҳақидаги маълумотлар чекланган ҳолда эълон қилинаётганини таъкидлаган.
Қутқарувчилар қалин лой остида қолган аҳоли яшаш пунктларини текширяптилар. Бироқ жума кунидан бери тинимсиз ёғаётган ёмғир қидирув-қутқарув ишларини қийинлаштиряпти. Тоғли ҳудудларда сел қайта келиши хавфи ҳам сақланиб қолган.
Мутахассисларни офатдан сўнг пайдо бўлган янги кўл ҳам хавотирга соляпти. Агар унинг табиий тўғони бузилса, назоратсиз сув оқими Непалдаги Лхенде ва Тришули дарёларига қуйилиб, янги сув тошқинига олиб келиши мумкин.
“Непал томонидаги қутқарув операциялари Тришули дарёсининг юқори оқимидаги бешта тўғонда тирик қолган одамларни излашга қаратилган. Ҳукумат маълумотларига кўра, тўғонлардан биридаги тоннелда 350 нафаргача одам бўлиши мумкин. Қутқарувчилар тоннелга ҳаво етказиб бериш учун тешик пармалаб, ичига кириш имконини берадиган йўл очишга ҳаракат қиляптилар”, – дейилади хабарда.
Қизил Хоч ташкилоти баҳолашича, сув тошқини содир бўлган ҳудудда 90 минггача киши турли даражада жабрланган бўлиши мумкин.
Непал ҳукумати ҳозирча 592 нафар хорижий фуқарони топа олмаяпти. Уларнинг аксарияти Хитойнинг Тибет автоном ҳудудида жойлашган муқаддас Кайлас тоғига йўл олган зиёратчилар бўлган.