Бундан ташқари, Непалда бедарак йўқолганлар сони 4200 нафардан ошди.
Хитойда эса давлат оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 16 киши ҳалок бўлган, яна 546 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ўтган ҳафта сув тошқини бошланган ҳудуддан қуйи оқимда жойлашган Непалнинг Читван тумани ҳокимияти қирғоқдан топилган шахси аниқланмаган ҳалок бўлганларни дафн этмоқда.
Марҳумларнинг қолдиқларидан ДНК намуналари олинмоқда. Кейинчалик ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун ушбу намуналар уларнинг қариндошларининг генетик маълумотлари билан солиштирилади.
272 та жасаддан қарийб 200 таси якшанба куни дафн этилди. Расмийларнинг сўзларига кўра, қолган жасадларни бугун дафн этиш режалаштирилган.
Аввалроқ Читван ҳокимияти кўплаб жасадлар жуда оғир ҳолатда эканини маълум қилган эди, бу эса уларнинг шахсини аниқлашни сезиларли даражада қийинлаштирмоқда. Непал полицияси маълумотларига кўра, ҳар бир дафн жараёни синчиклаб ҳужжатлаштирилади. Қабрларга тартиб рақамлари кўрсатилади, шунингдек, марҳумларнинг шахсини аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган ДНК намуналари, ёриб кўриш ва аутопсия натижалари ҳамда мавжуд бошқа маълумотлар сақлаб қолинади.
Эслатиб ўтамиз, 26 августда тўсатдан юз берган сув тошқинлари Непал ва Хитой чегараси яқинида кўчкиларни келтириб чиқарди. Сув, муз, лой ва тошлардан иборат оқим водийлар ва аҳоли яшаш пунктлари орқали оқиб ўтиб, уйлар, йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилмаларни вайрон қилди.
Аввалроқ Непалдаги сув тошқини оқибатида 794 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.