Маҳаллий ҳокимиятнинг шанба куни берган маълумотига кўра, чоршанба куни содир бўлган табиий офатдан кейин қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Непалда 2420 дан ортиқ, Хитойда эса 550 дан ортиқ киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Шу билан бирга, офат вақтида чегара яқинида ҳосил бўлган табиий тўғон бузилиб, янги сув тошқинига олиб келиши мумкин, деган хавотир кучаймоқда.
Япония ҳукуматидаги манбалар ҳамда Непалнинг туризм соҳасидаги расмий вакиллари маълумотига кўра, Осака префектурасидан келган Ямамото фамилиясидаги беш кишилик оила ҳам бедарак йўқолган. Улар орасида тахминан 40 ёшлардаги эр-хотин ва вояга етмаган уч нафар фарзанд бор. Оила Непалга Хитой томонидан кирганидан сўнг улар билан алоқа узилган.
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси маълумотига кўра, табиий офатдан тахминан 93 минг киши жабрланган ва улар ёрдамга муҳтож.
Associated Press маълумотига кўра, оиласидан ажралиб қолган болалар эвакуация марказларига жойлашган. БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) гуманитар ёрдамга муҳтож болалар сонини тахминан 17 минг нафар деб баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Непалдаги сув тошқини оқибатида 675 киши ҳалок бўлгани ва қарийб 2,5 минг киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган эдик.