Нарендра Моди Москвадаги Ғалаба парадига боришдан бош тортди

Фото: Фото: aa.com.tr

NEW DELHI. Kazinform – Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ғалаба куни тадбирларида иштирок этиш учун Москвага режалаштирилган сафарини бекор қилди. Бундай қарор Паҳалгамдаги терактдан кейинги вазият муносабати билан қабул қилинган, деб ёзади ТАСС.

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида содир этилган теракт оқибатида 26 киши ҳалок бўлди.

“Бош вазир Ҳиндистондаги вазият туфайли Москвага бормайди”, – дейилади хабарда.

22 апрель куни қуролли шахслар Жамму ва Кашмир иттифоқидаги машҳур сайёҳлик шаҳарчаси Паҳалгамда теракт уюштирди. Хаки кийимидаги эркаклар автоматлардан ўқ узиб, 25 Ҳиндистон фуқароси ва 1 Непал фуқаросини ўлдирган. Жиноятчилар воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган.

Кўп одамлар яраланган. Ҳужумни “Қаршилик кўрсатиш майдони” деб номланган гуруҳ ўз зиммасига олди. Бу гуруҳ Покистонда тақиқланган “Лашкар-и-Тойиба” ташкилотига алоқадор. Ушбу воқеадан сўнг Ҳиндистон Покистон билан сув шартномасини тўхтатди ва Янги Деҳлидаги покистонлик маслаҳатчилардан мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Покистонликларга берилган визалар ҳам бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Ҳиндистон Бош вазирига ҳамдардлик билдирди.

БМТ Бош котиби Ҳиндистондаги қуролли ҳужумни кескин қоралади.

Покистон Нью-Деҳлининг теракт ҳақидаги айбловлари асоссиз эканини маълум қилди.

Кеча тунда Покистон армияси Жамму ва Кашмирнинг Паргавал секторида Ҳиндистон билан чегарада яна ўт очди.