Намангандаги халқаро гуллар фестивали Гиннес рекордлар китобига кирди

TASHKENT. Kazinform — Наманган шаҳрида ўтказилаётган 65-халқаро гуллар фестивали доирасида дунё миқёсидаги тарихий натижа қайд этилди. “Жамоавий ҳолатда энг кўп гул экиш” йўналиши бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатилиб, фестиваль расман Гиннес рекордлар китобига киритилди, деб хабар беради UzA .

Фото: UzA

Ушбу улкан натижага эришиш мақсадида байрамга тайёргарлик жараёнларида Наманган вилояти бўйлаб 29 миллион 600 мингдан зиёд гул кўчатлари экилиб, шаҳар ва туманлар гўзаллик ва нафосат масканига айлантирилди. Бу кўрсаткич мазкур йўналишдаги мутлақ жаҳон рекорди сифатида эътироф этилди.

Тантанали маросимда Гиннес рекордлар китоби сертификати Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақовга топширилди.

Маълумотларга кўра, бу йилги халқаро гуллар фестивалида дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан меҳмонлар иштирок этмоқда. Фестиваль доирасида маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, кўргазмалар ва турли халқаро анжуманлар ташкил этилган.

1961 йилдан буён ўтказиб келинаётган Наманган гуллар фестивали бугун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ва нуфузли сайёҳлик ҳамда маданий тадбирлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда гуллар фестивали бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.