Миллий қурултой: Президент ташаббуслари Нью-Деҳлидаги конференцияда таништирилди

Фото: Фото: ҚР МСК

АSTANА. Kazinform — ҚР Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров бошчилигидаги делегация Нью-Деҳлида ўтаётган демократия ва сайловни бошқариш масалаларига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этмоқда, деб хабар беради МСК матбуот хизмати.

Тадбирни Ҳиндистоннинг Сайлов комиссияси ва БМТ қошидаги Доимий кузатувчи мақомига эга, шунингдек, Европа иттифоқининг муҳим лойиҳалари бўйича ҳамкори саналадиган Демократия ва сайловга ёрдам бериш бўйича халқаро институт (International IDEA) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Нурлан Абдиров конференция доирасида сайлов органлари раҳбарларининг пленар сессиясида, шунингдек, «Мустақил ва профессионал сайловни бошқариш органлари — барқарор демократия учун» деб номланган глобал мавзули сессияда маъруза қилди.

43 давлатдан келган ҳамкасбларига қилган нутқида ҚР МСК раиси «Қозоғистоннинг сайлов тизимини ислоҳ қилиш: сайлов органларини профессионаллаштириш» мавзусидаги маърузасини тақдим этди. Унда 2022 йилда Президент Қ. К. Тоқаев ташаббускор бўлган конституциявий ислоҳотлар доирасидаги сайлов тизимининг трансформациясига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатда сайлов тизими ва ваколатли ҳокимият органларини шакллантириш тартиби янгиланди. Қишлоқ ҳокимлари корпусининг янгиланиши муҳим босқич бўлди.

— Европа, Америка, Осиё ва бошқа давлатларнинг сайлов органлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувлар ва таништиришлар давомида Нурлан Абдиров Давлат раҳбарининг V Миллий қурултойда қилган нутқининг асосий ғояларини аудитория эътиборига ҳавола қилди. Иштирокчилар мамлакатнинг сиёсий тизимини янада ривожлантириш устуворликлари, бир палатали Парламентга ўтиш режалари, давлатнинг институционал асосини мустаҳкамлаш йўналишлари ҳақида кенг қамровли маълумот олди. Конституциявий комиссия тузиш ва Асосий қомусга киритиладиган ўзгаришлар лойиҳасини умуммиллий референдумга қўйиш ҳақидаги қарор ҳам катта қизиқиш уйғотди, — дейилади хабарда.

Халқаро конференция ишлари давом этмоқда, ҚР МСК раиси ўринбосари Мухтар Ерман «Қозоғистон Республикасида сайлов ташкилотчиларини электорал ўқитишнинг долзарб масалалари» мавзусида маъруза қилади.

Эслатиб ўтамиз, конституциявий ислоҳотлар ҳақида Парламент Сенати депутати Геннадий Шиповских фикр билдирган эди.