Миграция инқирози: Испания қироли 19 йилдан кейин Сеутага ташриф буюрди

ASTANА. Кazinform – Испания қироли Фелипе VI ва қиролича Летисия ёзги миграция инқирозидан ҳали тўлиқ тикланмаган Сеутага ташриф буюрдилар, деб хабар беради Euronews .

Фото: patrimonionacional.es

Бу — Испания қироллик оиласи аъзоларининг Шимолий Африкадаги анклавга 2007 йилдан бери биринчи олий даражадаги ташрифи. Ўша пайтда Сеута ва Мелильяга Фелипе VI нинг отаси, собиқ қирол Хуан Карлос ташриф буюрган эди.

Қирол ва қироличани шаҳар кўчаларида минглаб аҳоли Испания байроқлари ва гулларни ҳилпиратиб кутиб олишди. Бироқ, оломон орасида "Сеута ҳимояга муҳтож!" ёзуви туширилган футболкаларни кийган фуқаролар ҳам бор эди.

Бу ёзда Марокашдан Сеутага ноқонуний равишда ўтишга уринган мигрантлар сони 70 000 дан ошди. Инқироз пайтида 140 нафардан ортиқ мигрант ҳалок бўлди.

Қироллик жуфтлиги қурбонларни хотирлаш учун мусулмон қабристонига ташриф буюрди.

Испания расмийлари миграция инқирозини енгиш учун армияни сафарбар қилишга мажбур бўлди. Бу даврда шаҳарда талончилик, зўрлаш ва оммавий тартибсизликлар кескин ошганлиги ҳақида хабарлар бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, Сеутадаги вазият ҳали тўлиқ барқарорлашмаган.

Кейинчалик Испания ва Марокаш ҳукумати ноқонуний муҳожирларнинг аксариятини ўз мамлакатларига қайтариш бўйича келишувга эришди. Бироқ, инқироз икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатди.

Марокаш Сеута ва яна бир Испания анклави Мелилья устидан суверенитет даъволарини сақлаб қолмоқда.

Сеута ҳукумати ўтган ёзни шаҳарнинг яқин тарихидаги энг қийин давр деб таърифлади.

Ташриф давомида Фелипе VI маҳаллий ҳокимиятни қўллаб-қувватлашини билдирди ва Испания давлати инқироз оқибатларини бартараф этишга катта аҳамият беришини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Испания Сеутадаги вояга етмаган мигрантлар сонини қайта ҳисоблаб чиқди.