Калифорния, Колорадо, Кентукки ва Нью-Жерси каби 29 штат 2023 йилда технология компаниясига қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилишди. Амалдаги келишувлар ишни муддатидан олдин якунлашга имкон беради.
Болалар хавфсизлиги ҳимоячилари Меtа бош директори Марк Цукербергнинг федерал судда гувоҳ сифатида кўрсатма беришига умид қилишган эди.
Виржиниядаги келишув қиймати 353 миллион долларни ташкил этади. Штат бош прокурори Жей Жонснинг айтишича, бу АҚШ штатидаги энг йирик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш келишувларидан бири.
Унинг сўзларига кўра, келишув "зарарли амалиётларга чек қўяди ва болаларни онлайн хавфлардан ҳимоя қилади".
Даъвода Меtа ўз платформаларига болаларнинг қарамлигини оширадиган функцияларни қасддан киритишда ва уларнинг потенциал зарари ҳақида жамоатчиликдан маълумотни яширишда айбланмоқда. Шунингдек, компания 13 ёшгача бўлган болалардан ота-оналарининг розилигисиз мунтазам равишда маълумотларни тўплаш орқали федерал қонунни бузганликда айбланмоқда.
Суд жараёни ўтган ҳафта Калифорниянинг Окленд шаҳрида АҚШ округ судьяси Ивон Гонсалес Рожерс раислигида бошланди.
Таклиф қилинган келишувнинг бир қисми сифатида Меtа болалар хавфсизлигини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга рози бўлди. Буларга қатъий кунлик экран вақти чекловлари ҳамда Instagram ва Facebookдан фойдаланувчи болалар учун мажбурий танаффуслар киради.
Компания иш кунлари мактаб вақтида пуш-билдиришномаларни ўчириб қўяди. Шунингдек, у ёшни текширишнинг кучли механизмларини жорий этади ва ёшга мос контент созламаларини кучайтиради. Булар болаларни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш ва овқатланиш бузилиши ва ўзига зарар етказиш билан боғлиқ хавфли материалларга киришни чеклашга қаратилган.
Бундан ташқари, ота-она назорати яхшиланади ва ижтимоий таққослашни кучайтирадиган функцияларга, жумладан, нашрлардаги лайк сонини кўрсатишга чекловлар киритилади.
Эслатиб ўтамиз, WhatsApp Meta AI билан шахсий суҳбатлар учун "инкогнито режими"ни ишга туширди.