Mercedes сунъий интеллект орқали бошқариладиган автомобилларни ишлаб чиқаради

ASTANA. Kazinform — Mercedes-Benz компанияси Nvidia сунъий интеллекти орқали бошқариладиган ҳайдовчисиз автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Mercedes-Benz, Nvidia

Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва Американинг Nvidia технологиялар компанияси келгуси ўн йил давомида автоном автомобиль бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

BILD нашрининг ёзишича, ҳамкорлар мураккаб йўл шароитларида мустақил ҳаракатланиш, чорраҳаларни таниб олиш ва тўхташ жойларини аниқлашга ёрдам берадиган интеллектуал тизимларнинг янги авлодини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Ишланманинг асосини Mercedes компаниясининг MB.OS операцион тизими ва Nvidia компаниясининг сунъий интеллект технологиялари ташкил этади. Alpamayo платформаси автомобилларга атрофдаги вазиятни янада аниқроқ таҳлил қилиш, эҳтимолий хавфли ҳолатларни олдиндан башорат қилиш ва тегишли ҳаракат усулини танлаш имконини беради.

Узоқ муддатли истиқболда компаниялар автоном бошқарувнинг тўртинчи даражасига ўтишни мақсад қилган. Автоматлаштиришнинг ушбу даражасида автомобиль муайян шароитларда инсоннинг доимий назоратисиз барча бошқарув вазифаларини мустақил равишда бажара олади.

Ишлаб чиқилаётган технологиялардан роботаксилaрда ҳам фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Mercedes-Benz компанияси янги функциялар серияли автомобилларда қачон пайдо бўлишини ҳозирча маълум қилмаган.