Таҳлилчилар 2026 йил октябрь ойида Марказий Осиёнинг учта мамлакатида палов тайёрлаш учун зарур бўлган маҳсулотлар тўплами нархини таққослади. Ҳисоб-китобга олтита маҳсулот: гуруч, сабзи, мол гўшти, кунгабоқар ёғи, пиёз ва туз киритилди.
Қозоғистонда бундай маҳсулотлар тўпламининг ўртача нархи 3 728 тенге, Қирғизистонда 4 383 тенге, Ўзбекистонда эса 4 570 тенгени ташкил этди.
Уч мамлакат пойтахтларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Астанада палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар 3 676 тенге, Бишкекда 4 487 тенге, Тошкентда эса 4 934 тенгедан сотилган.
Таҳлилчилар маълумотларига кўра, маҳсулотлар тўплами қийматининг қарийб 70 фоизи гўшт ҳиссасига тўғри келади. Октябрь ойида Қозоғистонда бир килограмм мол гўшти ўртача 3 811 тенге, Қирғизистонда 4 312 тенге, Ўзбекистонда эса 4 639 тенге бўлган.
Гуруч нархида ҳам сезиларли фарқ кузатилган. Қозоғистонда бир килограмм гуруч 541 тенге, Қирғизистонда 735 тенге, Ўзбекистонда эса 782 тенгадан сотилган. Шу билан бирга, уч мамлакатнинг статистика идоралари гуручнинг турли навлари нархини кузатиб боради.
Бир йил давомида нархлар қандай ўзгарди?
Таҳлилчилар таъкидлашича, Қозоғистонда палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар нархи қўшни мамлакатларга нисбатан секинроқ ошган. Бир йил давомида маҳсулотлар тўплами 5,3 фоизга қимматлашган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 11,6 фоизни, Қирғизистонда эса 12 фоизни ташкил этган.
Нархлар ўсишининг асосий омили мол гўшти қимматлашгани бўлди. Бир йил давомида Қирғизистонда гўшт нархи 19,9 фоизга, Ўзбекистонда 15,8 фоизга, Қозоғистонда эса 9,3 фоизга ошган.
Қозоғистонда маҳсулотлар тўплами нархининг ўсишини гуруч нархининг 13,3 фоизга арзонлашгани жиловлашга ёрдам берган. Шу билан бирга, сабзи 14,3 фоизга, кунгабоқар ёғи эса 6,8 фоизга қимматлашган.
Қозоғистоннинг қайси шаҳарларида палов тайёрлаш энг қиммат?
Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар энг қиммат бўлган шаҳарлар қуйидагилар:
- Ўскемен — 4 113 тенге;
- Алмати — 3 938 тенге;
- Чимкент — 3 901 тенге.
Маҳсулотлар тўпламининг энг арзон нархи Туркистонда — 3 352 тенге, Қизилўрдада — 3 471 тенге ва Кўкшетауда — 3 476 тенге қайд этилган.
Бир йил давомида палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар энг кўп Алматида — 15,9 фоизга, Атирауда — 13 фоизга ва Талдиқўрғонда — 12,7 фоизга қимматлашган. Ушбу учала шаҳарда ҳам мол гўшти нархи 20 фоиздан кўпроққа ошган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар Ақтауда маҳсулотлар тўплами нархи 12 фоизга, Петропавлда 5,2 фоизга, Кўкшетауда 4,7 фоизга ва Астанада 4,3 фоизга арзонлашганини қайд этди.
Ақтау ва Астанада бунга гуруч нархининг пасайиши, Петропавлда эса мол гўшти арзонлашгани сабаб бўлган.