Марказий Осиёда бензин қанча туради: энг юқори нарх Ўзбекистонда қайд этилди

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистонда Аi-95 бензини нархи Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг қиммати бўлди. Бу ҳақда давлатлардаги ёнилғи нархини таҳлил қилиб борувчи GlobalPetrolPrices портали маълум қилди.

Фото: freepik

13 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1 литр бензиннинг ўртача нархи 1,340 долларни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич литри учун 1,47 доллардан тўғри келадиган ўртача жаҳон нархидан паст бўлса-да, МДҲ ва минтақанинг бошқа давлатларига қараганда сезиларли даражада юқоридир.

Таққослаш учун, Туркманистонда бир литр бензин атиги 0,43 доллар туради, бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Озарбайжонда 1 литр бензин 0,676 доллар, Қозоғистонда 0,687 доллар, Россияда 0,924 доллар, Беларусьда 0,936 доллар, Қирғизистонда 1,016, Афғонистонда эса 1,168 доллардан сотилмоқда.

Дунёдаги энг арзон ёнилғи эса Ливан (0,023 доллар), Эрон (0,029 доллар) ва Венесуэлада (0,035 доллар) қайд этилган. Бензин нархи энг қиммат бўлган давлатлар қаторидан Гонконг (4,062 доллар), Малави, Дания, Исроил, Нидерландия, Финляндия, Германия, Лихтенштейн, Сингапур ва Швейцария (2,265 доллар) ўрин олган.