Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида 2023 йилда БМТ билан ҳамкорликда RES 2026 ни ўтказиш ташаббусини маълум қилди.
Саммитда давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ва фан вакилларидан 1500 нафар делегат иштирок этиши кутилмоқда.
Иқлимга мослашган ерлардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Марказий Осиё мамлакатларидаги энг долзарб экологик таҳдидлардан бири ерларнинг деградацияси бўлиб қолмоқда.
Шу муносабат билан Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Жасил Даму” АЖ ҳамда «Ерларда тадқиқот ва текширув ишларини олиб бориш давлат институти» билан ҳамкорликда ер деградациясига қарши курашиш, тупроқни тиклаш ва углеродсиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳаларида Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган махсус панелли сессия ўтказишни режалаштирган.
“Биргаликда тажриба алмашиш ер ресурсларини бошқаришга умумий ёндашувларни шакллантириш, энг яхши амалиётларни тарқатиш ва Қозоғистоннинг иқлимга чидамлилик соҳасидаги минтақавий марказ сифатидаги ролини кучайтириш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Саммит доирасида Марказий Осиё мамлакатлари давлат органларининг ер деградациясига қарши курашиш, тупроқни тиклаш ва углерод қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Қўшма баёнотини қабул қилиш режалаштирилган.
Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ер ресурсларини бошқариш қўмитаси яқин келажакда Марказий Осиё мамлакатлари томонидан кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Қўшма баёнот лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ушбу ҳужжатнинг минтақавий мувофиқлаштириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилиши кутиляпти.