Мамлакат ялпи ички маҳсулоти илк бор 300 миллиард доллардан ошади — Тоқаев
ASTANА. Кazinform — Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев «Алтын сапа» ва «Парыз» мукофотлари совриндорларини, шунингдек, "Қозоғистоннинг энг яхши маҳсулоти" республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида маълум қилди.
— Рақобатбардош бизнес ҳар қандай давлатнинг устунидир. Бу йил Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши 6 фоиздан ошиши кутилмоқда. Бу — сўнгги ўн йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти илк бор 300 миллиард доллардан ошади. Маълумки, ҳозирда биз инфратузилмани ривожлантириш ва иқтисодиётни диверсификация қилишга катта эътибор қаратмоқдамиз. Шунинг учун ҳукумат тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтириш билан фаол шуғулланиши керак. Ҳозирда биз бу соҳада бир қатор ютуқларга эришдик, — деди Президент.
Президент хомашё бўлмаган экспорт ҳажми қарийб 2 баравар ошганини таъкидлади.
— Ишлаб чиқариш саноатида қўшилган қиймат ҳажми беш йил ичида 25 фоиздан ортиққа ошди. Бу тоғ-кон саноатига қараганда анча юқори кўрсаткичдир. Сўнгги йилларда асосий капиталга инвестициялар 70 фоизга ошди. Реал секторда меҳнат унумдорлиги 40 фоизга ошди. Хом ашё бўлмаган экспорт ҳажми қарийб 2 баравар ошди.
Ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар сони 3 бараварга ошди. Бунинг натижасида бугунги кунда маҳсулотларимиз 140 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Шубҳасиз айтиш мумкинки, Қозоғистон товарлари жаҳон бозорида ўз ўрнини эгалламоқда. Бу борада кичик ва ўрта бизнеснинг роли, шубҳасиз, алоҳида аҳамиятга эга.
Умуман олганда, мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланиш суръати фаол, бугунги кунда уларнинг иқтисодиётдаги улуши 40 фоизга етди.
Сўнгги беш йил ичида кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 1,5 баравар, маҳсулот ҳажми эса 2,5 баравар ошди. Мамлакатимизда ишлайдиган фуқароларнинг деярли ярми, яъни 4,5 миллион киши бизнес соҳасида ишлайди, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев «Мейірім» орденини таъсис этди.